Тарихчи-шарқшунослар форумининг иккинчи иш куни
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида “Буюк аждодлар мероси – III Ренессанс пойдевори” мавзусидаги Ўзбекистон тарихчи-шарқшунос олимлари форумининг иккинчи иш куни бўлиб ўтмоқда. Республикамизнинг атоқли академиклари, профессорлари ва докторлари “Исломдан аввалги Марказий Осиё – Қадимги давлатчилик тарихи”, “Биринчи ва Иккинчи Ренессанслар илм-фан ривожи мисолида” ва “Анъаналар” шўъбаларида Цивилизация маркази музейи экспозицияларининг мазмуни ва моҳиятини муҳокама қилмоқдалар.
Соҳаларнинг етакчи олимларини Ислом цивилизацияси маркази директори Ф.Абдуҳолиқов қутлаб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев томонидан буюк аждодларимиз меросидан кенг жамоатчилик вакиллари, айниқса ёшларни баҳраманд қилишга алоҳида урғу берилаётганини қайд қилди.
Чиндан ҳам қарийб Х аср мобайнида аниқ фанлар ва илоҳиётшуносликнинг ривожига мамлакатимиздан чиққан мутафаккирлар беқиёс хизмат қилдилар. Биринчи ва Иккинчи Марказий Осиё Ренессанслари Европада Уйғониш даврига замин яратилишига салмоқли ҳисса бўлди.
Олимлар ва дин аҳли вакиллари музей бўлимларининг мукаммал, илмий ва диний асосланган, мантиқан бир занжирнинг узвий ҳалқалари бўлиши лозимлиги юзасидан ўз тавсияларини бермоқдалар.