ТАҚДИМОТ


    30 август куни Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказида жиззахлик машҳур аллома Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн Уструшанийнинг “Жомеъ аҳком ас-сиғор” (Бола ҳуқуқлари кодекси) асарининг ўзбек тилидаги нашри тақдимоти бўлиб ўтди. Мазкур тадбир Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.

      Тақдимот маросимида миллий марказ директори ўринбосари М. Тиллабоев, миллий марказ матбуот котиби Ғулом Мирзо, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансур, марказ матбуот котиби Ф.Муҳаммадиев, Халқаро ислом академияси профессори З.Мунавваров, таржима муаллифи ва уни нашрга тайёрлаган тарихшунос олим М.Атаев  ҳамда миллий марказ жамоаси иштирок этди.

      Китоб нашри ва унинг аҳамияти ҳақида гапирган барча маърузачилар асарни бола ҳуқуқлари бўйича энциклопедия  эканлигини таъкидлаб, юртимиз алломаларининг барча соҳалар каби ҳуқуқшунослик борасида ҳам илғор бўлишганларини эътироф этишди.

Тақдимот тадбири якунида қатнашчилар томонидан берилган саволларга батафсил жавоб қайтарилди.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати