ТАЪЗИЯ
ЎЗБЕК ИЛМ-ФАНИ ОҒИР ЖУДОЛИККА УЧРАДИ
Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, физика-математика фанлари доктори, академик, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан арбоби Беҳзод Йўлдошев 2024 йил 28 август куни 79 ёшида вафот этди.
Беҳзод Йўлдошев 1945 йил Тошкент шаҳрида туғилган. У 1968 йилда ТошДУни тугатган. Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институтида илмий ходим (1968-83), директор (1990 йилдан) бўлган. Ўзбекистон Фанлар академияси Физика-техника илмий тадқиқот институтида лаборатория мудири (1984-90). Ўзбекистон Фанлар академияси президенти (2000-2006) сифатида фаолият юритган.
Илмий ишлари юқори энергиялар физикаси, ядровий физика ва элементар зарралар физикасига оид. Беҳзод Йўлдошев раҳбарлигида Ядро физикаси институтида жаҳон стандартларига мос келувчи радиоизотопларни кенг кўламда ишлаб чиқариш ва четга сотиш ишлари йўлга қўйилди, маҳаллий тоғ-кон саноати чиқиндиларидан асл ва нодир металларни қўшимча равишда ажратиб олиш технологияси ишлаб чиқилди.
Беҳзод Йўлдошев Вашингтон университети физика факультети профессори сифатида юқори энергияли нейтриноларнинг ўзаро таъсирида бўладиган ядровий эффектларни ўрганиш бўйича илмий лойиҳага раҳбарлик қилган.
Беҳзод Йўлдошев бир қанча халқаро академиялар ва халқаро жамиятлар аъзоси, хорижий университетлар фахрий доктори бўлган.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошевнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизация маркази номидан марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз.