ТУРКИЯ РЕСПУБЛИКАСИ МАДАНИЯТ ВА ТУРИЗМ ВАЗИРИ МАҲОБАТЛИ РАНГ-ТАСВИР АСАРЛАРИГА КАТТА ҚИЗИҚИШ БИЛДИРДИ
Аждодларимиз меросини ўрганиш ва оммалаштиришни ўз олдига мақсад қилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази барчада алоҳида қизиқиш уйғотяпти. Чиндан ҳам Марказ ўрганилиши лозим бўлган билимлар учун имконият эшикларини очаётгани ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Сўз исботи сифатида айтиш мумкинки, Марказ қурилиши билан яқиндан танишиш учун ташриф буюрувчиларнинг сони ҳам талайгина...
Бундан кўзланган мақсад эса ўзаро тажриба алмашиш. Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой бошчилигидаги 18 кишидан иборат делегация ҳам Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюриб, қурилиш ишларини кўздан кечиришди.
Делегация аъзоларига Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази контентини янги мазмун билан бойитишда, давлат раҳбари томонидан белгилаб берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида жаҳон тажрибаси ўрганилаётгани ҳақида маълумотлар берилди.
Туркия Республикаси маданият ва туризм вазири Меҳмет Нури Эрсой ва делегация аъзолари Марказнинг қурилиш ишлари билан танишар экан, туркиялик ҳамкорлар ва олимлар иштироки ҳақидаги маълумотларга алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, Марказ биноси кириш фойеси равоқларига ўрнатиладиган Муҳаммад ибн Мусо Хоразмий, Ал Фарғоний, Мирзо Улуғбек каби алломаларнинг маҳобатли ранг-тасвир асарларига катта қизиқиш билдирди. Ташриф якунида Меҳмет Нури Эрсой бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотларни юксак баҳолади.