ТУРКИЯ РЕСПУБЛИКАСИ КАРАБЮК ДАВЛАТ УНИВЕРСИТЕТИ РЕКТОР ЎРИНБОСАРИ МУЖАҲИД ЧОШКУН ТАШРИФИ
Жорий йилнинг 29 июнь куни Туркиянинг Карабюк Давлат университети Илмий ишлар бўйича Ректор ўринбосари М. Чошкун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директор ўринбосари Ф. Ҳалимов томонидан қабул қилинди. Учрашувда, шунингдек, ташкилотларнинг Халқаро алоқалар ва Илмий тадқиқотлар бўлими вакиллари О. Ўналан, С. Холхўжаев, О. Ғуломова иштирок этди.
Туркиялик меҳмонларни ташриф билан қутлагач, Ф.Ҳалимов сўнгги йилларда мамлакатимизда диний, маърифий ва илмий соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар, таълимни ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида сўз юритди ҳамда Марказ қурилиши, асосий фаолият йўналишлари ва таркибий қисмлари ҳақида маълумот берди. Хусусан, Марказнинг асосий вазифаларидан бири буюк мусулмон мутафаккирлари қолдирган бой илмий меросни тадқиқ қилиш, сақлаш ва келгуси авлодларга етказиб бериш эканини таъкидлади.
Ўз навбатида, М. Чошкун қабул учун ташаккур билдириш баробарида, Карабюк университети тўғрисида сўзлаб берди. Маълумотларга кўра, Карабюк университети 2007 йил ташкил топган, бугунги кунда дунёнинг энг яхши университетлари рейтингида 801-ўринни эгаллаб, Туркиядаги кучли ўнликдан жой олган. Университет таркибида 12 та факультет, 4 та институт, 3 та олий мактаб ва 4 та касб-ҳунар олий ўқув юрти, 750 дан ошиқ илмий ходим, 400 га яқин маъмурий ва техник мутахассислар фаолият юритади.
Халқаро алоқалар масаласида, С. Холхўжаев Марказ Туркиядан ИҲТнинг илм-фан ва техникавий ҳамкорлик бўйича доимий қўмитаси (ИРСИКА) ва Ибн Халдун университети билан Англашув меморандумлари имзолагани ва доимий қўшма лойиҳалар устида ишланишини билдирди. О. Ўналан Университетда халқаро таълим стандартлари жорий этилгани, хорижий олий таълим муассасалари билан алоқалар ўрнатилгани, шу билан бирга олийгох талабалари орасида ўзбекистонлик ёшлар салмоқли миқдорда эканини айтиб ўтди.
Учашув давомида, муассасалар ўртасида ҳамкорлик ўрнатиш бўйича қуйидаги таклиф ва вазифалар белгиланди:
- Университетнинг Ислом илмлари, Амалий санъат ва дизайн факультетлари профессор-ўқитувчилари ҳамда Марказ илмий ходимлари ўртасида тажриба алмашиш дастурини ишлаб чиқиш;
- Икки муассаса ходимлари учун турдош мавзуларда қўшма илмий тадқиқотлар олиб бориш;
- Ислом дини, тарихи маданияти ва санъатига бағишланган қўшма конференция, давра суҳбати ҳамда йирик кўргазмалар ташкил қилиш;
- Манбалар алмашувини йўлга қўйиш.
Юқоридаги масалаларни расмийлаштириш ва мустаҳкамлаш мақсадида ташкилотларнинг масъул вакиллари томонидан Англашув Меморандуми имзоланди.
Учрашув якунида эсдалик совғалари ўзаро тақдим этилди ҳамда ҳамкорлик ижросини таъминлаш устида ишлашга келишиб олинди.