ТОШКЕНТ ВИЛОЯТИ, ТОШКЕНТ ТУМАНИ "ҒИШТКЎПРИК" МАҲАЛЛАСИДАГИ УЧРАШУВ ТЎҒРИСИДА


Шу йилнинг 25 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази бўлим бошлиғи, филология фанлари доктори(DSc) Фаррухбек Олим, Марказ катта илмий ходими, филология фанлари бўйича фалсафа доктори(PhD) Хусрав Ҳамидовлар Тошкент вилояти, Тошкент тумани “Ғишткўприк” маҳалласида бўлиб қайтишди. Чегара ҳудудида жойлашган бу маҳаллада 3500 га яқин аҳоли истиқомат қилади. Ҳудудда 14 – 30 ёшгача бўлган ёшлар сони 835 нафарни ташкил этади.

Марказ ходимлари маҳаллада  халқ фаровонлиги учун амалга оширилган ишлар билан танишиб, маҳалла фаолларига Президентимиз ташаббуслари билан ташкил этилган Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази фаолияти, унинг халқимиз ҳаётида тутган ўрни ва аҳамияти ҳақида маълумотлар беришди. 

Шунингдек, маҳалла ҳудудида 28-сонли умумтаълим мактабида   “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғоясини ёшлар орасида кенг тарғиб қилувчи маърифий суҳбат ўтказилди. “Мусулмон Ренессанси” деб ном олган IX – XII асрлардаги Биринчи  Шарқ Уйғониш даври, шунингдек, Иккинчи Шарқ Ренессанси, яъни  ХIV-ХVI асрлардаги “Темурийлар Ренессанси”, ундан кейинги замонларда аждодларимизнинг илм-фан, адабиёт, санъат, маданият соҳаларида қолдирган мислсиз мероси ҳақида маъруза қилишди. Шунингдек, тадбирда “Учинчи Ренессанс – Янги Ўзбекистон” ғоясининг мазмун-моҳияти, жумладан, унинг илм-фан ривожи, динлараро ва миллатлараро бағрикенгликни таъминлашдаги роли ва аҳамияти тўғрисида гапирилди.

Учрашув қизиқарли савол-жавобларга бой бўлди.