ТЎРТТА ФИЛЬМ ПРЕМЬЕРА ҚИЛИНАДИ


Хабарингиз бор, 23-27 август кунлари Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича бутунжаҳон жамияти (WOSCU)  билан ҳамкорликда ўтказиладиган “Буюк аждодлар мероси-III Ренессанс даври асоси” VIII халқаро конгресси бўлиб ўтади. Бежиз, юксак савияда ўтказлиши режалаштирилаётган мазкур тадбирни тилга олмадик. Боиси, айнан мана шу халқаро конгрессда иштирокчилар ва юртимиз меҳмонлари учун кутилмаган совғалар ҳозирланган.

     Мазкур туҳфаларни муносиб тарзда тақдим қилиш учун эса Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қатор ҳамкор ташкилотлар билан онлайн ва офлайн учрашувлар ўтказишдан тўхтаётгани йўқ. Мақсад битта, у ҳам бўлса Президент Шавкат Мирзиёевнинг диний-маърифий соҳада олиб бораётган саъй-ҳаракатлари ва ислоҳотларининг ёрқин ифодаси бўлган мазкур марказ томонидан амалга оширилаётган кенг кўламдаги ишларни намойиш қилиш. Бу орқали ўзбек халқининг яратувчанлик салоҳияти натижасида яратилган ноёб меросни ҳар томонлама чуқур ўрганишдир.

Шу маънода, ҳамкорлик ишларини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев, Ўзбекистон Миллий кинематографияни ривожлантириш маркази директори Фурқат Усмонов ҳамда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Учрашув давомида истиқболдаги режалар, Президентимиз ташаббуси билан яратилиши режалаштирилган “Тирик тарих” лойҳалари дастури атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашув давомида Туркиянинг “TRT AVAZ”  - халқаро турк телеканали масъули Sedat Sağirkaya билан онлайн видеомулоқот ҳам ташкил этилди. Мулоқот давомида ҳамкорликда яратилиши режалаштирилган “Туркийлар асри” ҳужжатли лойиҳаси, унинг яратилиш жараёни тўғрисида атрофлича фикр-мулоҳазалар алмашилди. Шу билан бирга, Туркиянинг “TRT AVAZ”  - халқаро турк телеканали билан ҳамкорликда яратиладиган лойиҳаларда нафақат Кинематография агентлиги, балки Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг ҳам фаол иштироки, аниқроғи, бевосита лойиҳанинг тўлақонли ҳамкори бўлиши муҳокама қилинди. Натижада, илмий томонлама ҳамкорликдаги барча ишларни биргаликда олиб борилишига келишиб олинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, юқорида тилга олинган халқаро кенгрессда премьера тарзида, музейлар ҳақида 4 та фильм намойиш этилади. Бу конгресс қатнашчилари учун ҳақиқий туҳфа бўлса ажабмас.