Сурхондарёда тарғибот давом этмоқда


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази,  Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимларидан иборат тарғибот гуруҳи бугун, яъни 29 февраль куни Сурхондарёнинг Шўрчи туманида иш олиб борди.

Тарғиботчилар «Буюк алломаларимиз илмий меросида юксак инсонпарварлик ғоялари тараннуми», «Ёшларимизни ёт оқимларнинг бузғунчи ғояларидан ҳимоя қилиш» ва «Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар» мавзуларида маърузалар ўқишди.

Тадбирда Шўрчи, Олтинсой ва Қумқўрғон туманлари раҳбар ходимлари ва ижтимоий соҳа вакиллари, давлат ташкилотларининг жойлардаги бўлимлари мутасаддилари, маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла, хотин-қизлар фаоллари, диний соҳа олимлари, мактабгача таълим муассасалари мудирлари, умумтаълим мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари иштирок этди.

Учрашувда юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида кенг маълумот берилди ҳамда юртимиздан етишиб чиққан алломалар қолдирган бой илмий мероснинг юксак маънавий қиймати эътибор қаратилди.

Тадбирда Шўрчи тумани ҳокими Улуғбек Зокиров сўз олиб, вилоят миқёсида ўтказилаётган бу каби тадбирлар кўплаб мутафаккирлар, хусусан, Абу Исо Термизий ва термизий алломаларнинг улуғвор сиймоси ҳамда ўлмас илмий меросини чуқур англатиш орқали миллий ва диний қадриятларимизни пок сақлаш, шу асосда ёш авлодни эзгу ғоялар руҳида тарбиялашдек улкан мақсадларга хизмат қилишини таъкидлади.