Сурхондарёда семинар-тренинглар давом этмоқда
Сурхондарёда олиб борилаётган “Буюк алломаларимиз илмий мероси” мавзусидаги семинар-тренинглар бугун, яъни 28 февраль куни Шеробод туманида ташкил этилди.
Тадбирда Шеробод тумани ҳокими, ҳоким ўринбосарлари, ҳокимлик аппарати ходимлари, шунингдек Шеробод, Ангор, Бойсун, Музробод, Қизириқ, Бандихон туманларининг маҳалла раислари, ҳудудлардаги ҳоким ёрдамчилари, маҳалла, хотин-қизлар фаоллари, диний соҳа олимлари, мактабгача таълим муассасалари директорлари, мактаб директорлари ва уларнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлари жами – 280 нафар иштирокчи қатнашди.
Шеробод тумани ҳокими Усмон Алимов тадбирни очиб берар экан, бундай семинарлар халқимиз маънавий дунёқарашининг ўсишида муҳим ўрин тутишини алоҳида қайд этди. Семинарда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими О.Тангиров “Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар” мавзусида маъруза қилди. Маърузачи ислом дини одамларни, барча миллат ва халқларни ҳамиша нурли ҳаётга, эзгулик, ўзаро дўстлик ва инсонийликка даъват этиши, жаҳон аҳлини бир мақсад йўлида – жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш йўлида бирлашишга чорлашини таъкидлади.