Сўхда учрашув


    25 январь куни Фарғона вилояти, Сўх тумани маданият саройида “Жаҳолатга қарши маърифат” мавзусида учрашув бўлиб ўтди. Анжуман Сўх тумани ҳокимлиги, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда “Турон” халқ академияси ҳамкорлигида ташкил этилди.  


Тадбирда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори маслаҳатчиси профессор Б.Тўраев, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходимлари Ф.Муҳаммадиев, Аброр Мухтор Али ва туман ҳокими ўз маърузалари билан иштирок этдилар.


  Маърузачилар йиғилишда иштирок этаётган туман фаоллари, маҳалла раислари, таълим муассасалари раҳбарлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари ҳамда ёшларга Ватанимизда мамлакат Президенти Ш.Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган туб иқтисодий, сиёсий ҳамда маънавий-маърифий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, уларнинг ижроси бўйича амалга оширилаётган  ислоҳотлар  ҳақида атрофлича ахборот бердилар. Айниқса, Ўзбекистон Президентининг Мурожаатномаси   ва ундан келиб чиқадиган вазифалар Сўх аҳолиси намоёндаларида катта таассурот қолдирди.


Ислом цивилизацияси директори ўринбосари ва матбуот котиби Ф.Муҳаммадиев йиғилиш иштирокчиларига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, унинг беқиёс лойиҳаси, марказ олдига қўйилган олижаноб, масъулиятли вазифалар ва истиқболдаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди.
   Марказ илмий ходими Аброр Мухтор Али  соф ислом маърифати, унинг асл  тинчлик, олижаноблик ва бағрикенглик мазмун-моҳияти хусусида гапириб, ҳозирги кунда ушбу тушунчалар бузиб талқин қилинаётганлиги, бунинг натижасида кўпчилик ёшларимиз сохта ва асли-асоси йўқ гапларга ишониб, нотўғри йўлларга кириб қолишаётганлигини аниқ далиллар асосида тушунтириб берди.
Анжуман ниҳоясида иштирокчилар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарилди. 
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати