ШАЙХ АЛИ САМАРҚАНДИЙ - ЯНА БИР САМАРҚАНДЛИК ФИҚҲ, ТАФСИР ВА МАНТИҚ ОЛИМИ


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходимлари А. Яхшибоев ҳамда А. Камилов томонидан фондлардаги шайх Али Самарқандий билан боғлиқ архив ҳужжатлари ва қўлёзмаларга оид тадқиқотлар олиб бориляпти...

Яна бир мовароуннаҳрлик муфассир, фақиҳ, мантиқ олими Алоуддин Али ибн Яҳё Самарқандий Ҳанафий (ваф. 861/1457 йилдан кейин) машҳур фақиҳ Алоуддин Бухорийнинг шогирди бўлган. У Самарқандда туғилиб, ёшлигиданоқ Самарқанд уламоларидан таҳсил олган. Кейин Макка ва Мадинада таълим олган. Сўнг Рум юртига сафар қилиб, Ларанда шаҳрида (ҳозирги Туркиянинг Анқара вилояти, Чамлидере туманида) қўним топган ва шу ерда вафот этган. Олим тўрт жилддан иборат тафсир ёзган. Асар Мужодала сураси тафсири билан якунланган. Ҳожи Ҳалифа ушбу тафсир номини “Баҳр ал-улум фи ат-тафсир” деб келтириб, асар ҳақида шундай деган: “У юксак қадр ва шаънга эга китоб бўлиб, тафсир китобларидан саралаб олинган. Муаллиф унга фасоҳатли иборалар ва сара лафзлар билан ғаройиб фойдалар, ажиб баҳсларни қўшимча қилган. Тўрт йирик жилддан иборат бўлиб, Қуръони аъзим аввалидан Мужодала сурасигача давом этган”.

Айрим адабиётларда “Баҳр ал-улум” (“Илмлар денгизи”) номли тафсир Абу Лайс Самарқандийга (ваф. 375/985 йил) нисбат берилган. Аммо Ҳожи Халифа “Кашф аз-зунун” асарида, Зириклий “Ал-Аълом” (“Машҳурлар”) асарида “Баҳр ал-улум фи ат-тафсир” асари Алоуддин Али Самарқандийга тегишли эканини таъкидлаган. 

Тадқиқотчи олим Даврон Махсудов, шунингдек, яманлик муҳаққиқ Солиҳ ибн Яҳё ва бошқа бир қатор тадқиқотчилар ҳам масалани атрофлича ўрганиб, айнан шу хулосани илгари сурган.

Алоуддин Али Самарқандий тафсирида тафсирнинг бил-маъсур ва бир-раъй услубларига хос шарҳларни келтирган. Манбалар қаторида асосан Замахшарийнинг “ал-Кашшоф”, Байзовийнинг “Анвор ат-Танзил” ҳамда Тафтазонийнинг “Ҳошия ала ал-Кашшоф” тафсирларидан фойдаланган.

Олим қироат турларини мукаммал ўрганган. Ҳатто, мутавотир қироатлар қаторида кўплаб нодир қироатларни ҳам айтиб ўтган. Шу билан бирга, Қуръон оятларининг балоғат ва араб тили қоидалари жиҳатидан хусусиятларини ёритишга катта эътибор қаратган. Бу масалага тафсир муқаддимасида ҳам урғу бериб, шундай деган: “эътиборли ислом уламолари киши Қуръон сирлари қаърига ҳамда унинг ҳақиқат ва жавҳарларининг сараларига Аллоҳнинг каломига хос бўлган икки илм: маоний ва баён илмларида моҳир бўлмай туриб шўнғий олмайди”. Шунингдек, тафсирда фиқҳий масалалар ҳам тилга олиниб, аксар ўринларда ҳанафийлик мазҳаби ҳукмлари зикр этилган. Бир неча ўринларда оятларнинг нозил бўлиш сабаблари изоҳланган. Жумладан, Бақара сураси 143-ояти тафсирида оятнинг қибла Масжиди Ҳаромга ўзгартирилганида нозил  бўлганини қайд этиб ўтади. Умуман олганда, Алоуддин Али Самарқандийнинг тафсири барча Қуръон илмларини ўзида жамлаган ўз даврида ёзилган бошқа тафсирларга нисбатан тўлиқ асар деб баҳолаш мумкин.

Мазкур қабр шайх Али Самарқандийнинг қабри бўлиб, Туркиянинг Анқара вилояти, Чамлидере (Арчали жилға) туманида жойлашган, ҳозирда зиёратгоҳга айлантирилган.

Бу шайх Меҳмет Эмин Эфенди шайх Али Самарқандийнинг ўқув  давгоҳини бошқарган муҳр. Муҳр мазмуни: “Хазрат Умар Ал-Фаруқ сулоласидан, Али Самарқандий авлодларидан Ал-Ҳожи Муҳаммадамин шайх Юнус. Муваффақият Аллоҳдандир”

Шайх Али Самарқандий бу тарихий дарахт остида шогирдларига дарс берган, суҳбат қурган ва кўплаб суюкли инсонлар ҳамда мусофирларни меҳман қилган. Ният хайр оқибат хайр (турк тилидан таржима).

Бу 1823 йилда Қиримдан келган делегациянинг шайх Али Самарқандийнинг чашмасини сотиб олиш мақсадида Чамледере шайхига ёзишмасидир. Ушбу ҳужжатда 22 кишининг муҳри акс этган. Бу ҳужжат Усмонли архивида BDA, HAT.00732.34768 рақами остида сақланмоқда.

Ушбу ҳужжат шайх Али Самарқандийнинг авлоди шайх Усмон томонидан ҳукмдор Султон Салим Ⅲ билан ёзишмасидир. Бу ҳужжат Усмонли архивида BDA, HAT.00268.15645 рақами остида сақланмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходимлари А. Яхшибоев ва А. Камилов томонидан фондлардаги шайх Али Самарқандий ва бошқа алломаларимизга тегишли архив ҳужжатлари ва қўлёзмаларига оид тадқиқотлар давом эттириляпти.