ШАЙХ АБДУЛАЗИЗ МАНСУРГА ТАБРИК ХАТИ


ШАЙХ АБДУЛАЗИЗ МАНСУРГА Т А Б Р И К   Х А Т И

    Шайх Абдулазиз Мансур нафақат Марказий Осиё, балки бутун мусулмон оламида танилган илоҳиётшунос олимлардан бири дейилса, асло муболаға бўлмайди. Зеро, бу зоти шариф Аллоҳ таолонинг муборак каломи – Қуръони карим маъноларини тафсирлаш иқтидорини касб этишдек юксак даражага эришган дунёдаги ниҳоятда оз сонли инсонлардан биридир. Дарҳақиқат, Яратганнинг ҳикматларини ўзида жамулжам этган бундай беназир Битикнинг маъноларини чақиб, унда баён этилган таълимот қаймоғини кенг оммага тушунтиришга бутун умрини сарфлаган  алломалар саноғи унчалар ҳам узун эмас. Айни шунинг учун ҳам тузган тафсирларининг ажри – мукофоти сифатида муборак номларини тарих зарварақларига муҳрлаб кетган Ибн ал-Араби, Ибн ал-Касир, Маҳмуд Замахшарий, Абу Мансур Мотуридий, Абу-л-Лайс Самарқандий, ат-Тустарий, Ибн ал-Жавзий, Абу-л-Баракот Насафий, Жалолуддин ас-Суютий каби алломалар қаторида замондошимиз Абдулазиз Мансурдек халқимизнинг донишманд фарзандлари борлигидан ҳар қанча қувонсак, арзийди.

   Абдулазиз Мансурдек аллома бўлиш осон эмас, албатта. Бунинг учун бениҳоя машаққатли, шу билан баробар, илоҳий ҳикматлар идрокидан ҳосил бўладиган лаззатли ҳаёт йўлини босиб ўтиш тақозо этилади. Табиийки, бундай юксакликка кўтарилиш учун олимда Яратганга чексиз муҳаббат, илоҳий кўрсатмаларга садоқат, туганмас сабр, метин ирода, илми раббоний  каби эзгу фазилатлар мужассам бўлиши лозим. Шайхимиз сиймосида мазкур ва бошқа умуминсоний моҳиятли ҳамда муқаддас динимизда тарғиб қилинадиган қадриятлар ўзининг ибратли тажассумини топганини кўриш мумкин. Муҳтарам Устозимиз томонидан амалга оширилиб келинаётган ва инсон камолини кўзлаган беназир ишлар бунинг энг ишончли исботларидир. У кишининг бунёдкор тафаккури ва ўткир қалами маҳсули бўлган битиклар юртимиз бўйлаб кенг тарқалгани ва халқимиз томонидан севиб мутолаа қилиниши аллақачон муаллифнинг садақаи жориясига айланганини  кўрсатади. Устознинг илмий изланишлари марказида муқаддас динимизнинг икки бош манбаи – Қуръони карим ва ҳадиси шарифларни ўрганиш ва кенг оммага етказиш бўлиб келган.

  Бундай юксак масъулият ва чуқур билимларни талаб қиладиган фаолият маҳсулларидан бири – “Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири” мунтазам такомиллаштириб борилмоқда; ўтган асрнинг охирларидан бошлаб у қайта-қайта нашр қилинди. Олим томонидан тайёрланган “Саҳиҳи Бухорий”нинг ўзбекча таржимасидан иборат икки жилдлик битик ҳам халқимизга хизмат қилмоқда. Табиийки, зикр этилганлар шайхимиз илмий даҳосининг ягона маҳсуллари эмас. Ул зоти шарифнинг турли диний мавзуларга бағишланган асарлари саноғининг ўзиёқ кўплаб саҳифаларни талаб қилади. Серғайрат шайхимизнинг изланишлари натижаси ўлароқ, бу саноқ ҳали янги-янги номлар билан тўлиб боради, иншооллоҳ!

    Гўзал Фарғона водийсида 1944 йили таваллуд топган Шайх Абдулазиз Мансурнинг сермаҳсул ҳаёт йўли саҳифалари Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом олий маъҳади ва Судан Ислом университетидаги кўп йиллик таҳсил, “Совет Шарқи мусулмонлари” журнали, Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси, Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти, “Мовароуннаҳр” нашриёти, Ўзбекистон Республикаси Президенти девони, Тошкент Ислом университети, Ўзбекистон Мусулмонлар идораси каби муассасалардаги масъулиятли ва серқирра фаолият босқичларини қамраб олган. Уларнинг ҳар биридаги фаолиятдан хайрли ва савобли излар қолган. Бугунги кунда Устоз Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида жидду жаҳд кўрсатиб ишламоқдалар. Президентимизнинг шахсий ташаббуслари ва доимий қўллаб-қувватлашлари билан яратилаётган мазкур беназир илмий-маърифий муассасанинг каттаю кичик ходимларига ибрат манбаи бўлиб қолмоқдалар.

  Устоз бугун 80 ёшга кирган бўлсалар-да, илму ирфон улашиш йўлидаги саъй-ҳаракатлар бобида ҳамон навқиронлар. Айтиш мумкинки, ушбу хайрли-савобли фаолиятнинг авж чўққисига кўтарилган мақомдалар. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг муборак ҳадисларида умматимнинг умри 60-70, унинг афзали учун 80 ва ундан-да зиёддир деган маънолар мужассам бўлган.

     Шундан бўлса керак, мусулмонлар зеҳниятида яхши инсонларнинг умри узун бўлади деган ақида мустаҳкам ўрнашган. Шайх Абдулазиз Мансур ҳақида ушбу ҳикматли қадрият мазмунида тафаккур қилинса, унинг айни ҳақиқат эканига яна бир бор амин бўласан киши. “Яхшиликнинг жазоси – яхшилик” маъносидаги ояти карима ялт этиб кўз олдингда гавдаланади. Ибратли ҳаётингиз давомида амалга ошириб келаётган эзгу амалларингизни Аллоҳ таоло қийрот-қийрот ажрлар билан мукофотлайверсин, азиз Устоз! 

  Ислом фиқҳи халқаро академияси, Мусулмон олимлари олий ҳайъати каби эътиборли халқаро муассалар аъзоси, халқимизнинг диний-маънавий тарбиясига улкан ҳисса қўшиб келаётган йирик олим, меҳрибон устоз ва камтарин инсон – Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратларини муборак 80 ёшлари билан самимий қутлаб, Устозга мустаҳкам соғлик, янги илмий ютуқлар ва узоқ йиллар жамоамиз билан ҳамнафасликни ато этишини меҳрибон Аллоҳдан илтижо қилиб қоламиз!

         

      Камоли эҳтиром билан,

 

      Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жамоаси номидан

      Шоазим Миноваров, директор    

 

      Тошкент,

      2024 йил, 14 апрель