Санкт-Петербург жомеъ масжиди


   Россиянинг шимолий пойтахти ҳисобланган Санкт-Петербург (Ленинград) шаҳри Октябрь тўнтаришигача ҳам ундан кейин ҳам собиқ иттифоқ давлатлари аҳолисини доимо ўзига жалб қилиб келган.

   Шаҳарнинг Кронверк проспектида, Приморский метро бекати яқинида мовий гумбазлари ва миноралари кўкка қадалган шарқона меъморий обидани кўрган ҳар бир ўзбекистонлик беихтиёр фахр туйғусини туяди. Чунончи, ушбу меъморий ёдгорлик улуғ аждодларимизнинг сайъ-ҳаракатлари ва уларнинг ҳомийлиги асосида бунёд этилган. Бу шарқона услубдаги гўзал бино 2008 йилгача Санкт-Петербургдаги ягона, дунёнинг энг шимолий нуқтасидаги масжид, деб қаралган. Унинг мовий гумбази ва миноралари Нева дарёси соҳилидан ҳам бемалол кўриниб туради. Янада ҳайратланарлиси, бу гумбаз Самарқанддаги Амир Темур мақбарасининг гумбази билан деярли бир хил.

   Маълумки, XIX асрнинг охирларига келиб, шаҳарда мусулмонлар сони анча ортган бўлса-да, у ерда бирорта масжид бўлмаган. Шу боис Санкт-Петербург мусулмонлари масжид қуриш учун маблағ тўплашга киришади. Бироқ шаҳардаги айрим маҳаллий амалдорлар бу ишга жиддий қаршилик кўрсатишади. Зарур маблағ тезликда йиғилавермайди Тўпланган пул ҳатто масжид қурилиши учун ер сотиб олишга ҳам етмайди.

   Ана шундай пайтда, Петербург билан яқин алоқалар ўрнатишга уриниб келган Бухоро амири Саййид Абдулаҳадхон (1859-1910) бундан хабар топади ва ўз хазинасидан масжид қурилиши учун ер сотиб олишга катта миқдорда маблағ ажратади. Шу тариқа мазкур масжид қурилиши бошланади. 1910 йил 3 февраль куни шахсан амир Абдулаҳадхон иштирокида масжиднинг биринчи ғишти қўйилади. Аммо масжид ишга туширилган кунни кўриш амирга насиб этмайди. У 1910 йилнинг 26 ноябрида оламдан ўтади.

  Самарқандаги Гўри Амир мақбараси гумбазидан андоза олинган масжид гумбазининг баландлиги 39 метр бўлиб, унинг икки ёнида 48 метрли иккита минораси мавжуд. Мазкур масжидда 1913 йили Романовлар сулоласининг 300 йиллиги муносабати билан Амир Олимхон бошчилигида илк намоз адо этилган.  

Амир Олимхон Николай II билан яқин муносабатларда эди. Шу боис, у биринчи жаҳон уруши даврида Рус флоти учун бир нечта эсминец совға қилди. Уларнинг ҳар бири бир кичик давлатнинг бюджети қийматига тенг эди.  Масжид ўзининг бир асрдан кўпроқ тарихи давомида кўплаб нохуш воқеаларни бошдан кечирди. Совет даврининг даҳриёна сиёсати ҳукм сурган йилларда шаҳар ижроия ҳокимияти қарори билан масжид ёпиб қўйилади.Ўтган асрнинг 60-йилларида Индонезия Президенти доктор Аҳмад Сукарно Санкт-Петербургга қилган ташрифи асносида яқин атрофдаги йўлдан кетаётиб, масжид гумбази ва минораларини кўриб қолади. 

   «Бу ерда масжид кўрдим, мени ўша ерга олиб боринглар»​, – ​деб илтимос қилади. Аммо совет расмийлари олий мартабали меҳмонни бу қутлуғ даргоҳга олиб боришмайди. Бундан ранжиган меҳмон фақат энг зарур учрашувларнигина ўтказиб, дарҳол Москвага қайтади. «Сизга Ленинград ёқдими?», –​ деб сўрашганида, «Мен бу шаҳарни кўрганим йўқ», –​дея мужмал жавоб қайтариб, ватанига қайтиб кетган.

  Шаҳар мусулмонларининг қайта-қайта мурожаатларидан сўнг 1974 йилда масжид уларга қайтариб берилади. Жомеъ масжиди ўтган давр мобайнида бир неча бор таъмирланади. Бугунги кунда бу иншоот Санкт-Петербургнинг ноёб тарихий обидаларидан бири сифатида давлат ҳимоясига олинган.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

илмий ходими  Ф.Муҳаммадиев