Самарқанд шаҳрида “Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ёшлар форуми” бўлиб ўтмоқда
Юртимизда буюк
алломаларимиз илмий меросини тарғиб қилиш, исломнинг тинчликпарвар дин
эканлиги, аждодларимиз қолдирган буюк илмий мероснинг дунё аҳамиятига моликлиги,
бу маънавий бойлик ёшларни жаҳолатга қарши маърифат ғояси асосида тарбиялашда
муҳим манба бўлиб хизмат қилишига юксак эътибор қаратилиб, бу борада кўплаб
тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.
Ана шундай нуфузли
тадбирлардан бири жорий йилнинг 27–29 июнь кунлари
Самарқанд шаҳрида “Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ёшлар форуми” бўлиб ўтмоқда.
Мазкур форум Ўзбекистон Республикаси ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ташаббуси
билан ИҲТ (Ислом ҳамкорлик ташкилоти) иштирокида бутун ислом олами равнақи ва
тараққиёти йўлида истиқболли ва иқтидорли ёшларнинг мулоқоти ҳамда ҳамкорлиги
учун янги платформа шакллантириш мақсадида ташкил этилди. Форумга иккита
халқаро ташкилот ва 18 та хориж давлатларининг ёшлар сиёсатига масъул бўлган
вазирлик ва идораларидан раҳбарлар ҳамда мутахассис ходимлардан иборат
делегациялари ташриф буюрди. Очилиш маросимида Ислом ҳамкорлик ташкилотига аъзо
мамлакатлар делегация раҳбарларининг кириш сўзлари тингланди.
Анжуманда “Гендер
жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда замонавий билим ва касбларни эгаллашлари учун
шароит яратиш орқали ёшларнинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш” ҳамда “Ёшлар
призмаси орқали глобал муаммоларни ҳал қилиш: биз бу дунёни яхшироқ жойга
айлантирамиз” мавзуларида иккита сессияда маърузалар ўқилиши белгиланиб,
экспертларнинг бу бўйича чиқишлари ташкил қилинди.
Мазкур анжуманда
иштирок этаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази катта илмий ходими
Абдушукуржон Муратов “Ислом –
илм-маърифат ва тинчлик дини” мавзусида
маъруза қилди.
Форум
ўз ишини давом эттирмоқда.