Самарқанд шаҳрида 3-4 март кунлари "Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун" мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди


  Конференция Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Фанлар академияси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар томонидан Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси билан ҳамкорликда ташкил этилди.

  Ушбу халқаро анжуманда иштирок этиш учун юртимизга Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари, Миср бош имоми Шайх Аҳмад Таййиб бошчилигидаги делегация, шунингдек, Босния ва Герцеговина, Германия, Иордания, Индонезия, Малайзия, Покистон, Россия, Туркия, Украина, Швейцария, Қирғизистон ва Қозоғистон каби мамлакатлардан 70 га яқин уламо, исломшунос олим, нуфузли таълим муассасалари ҳамда илмий-тадқиқот марказлари раҳбарлари ташриф буюрди. 

 Конференцияда иштирок этган Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Р.Қосимов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов ва бошқалар янгиланаётган Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида барча соҳаларда амалга оширилаётган ва таг замирида халқимизни рози қилиш мақсади мужассам бўлган ислоҳотлар диний-маърифий соҳада ҳам ўз аксини топаётганини таъкидлаб, анжуман ишига муваффақият тилашди.

  Ялпи мажлисда Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййиб, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов Имом Абу Мансур Мотуридий диний-маърифий меросини чуқур ўрганиш, унинг муқаддас динимиз мусаффолигини ҳимоя қилиш йўлидаги кураши, мусулмон одоб-ахлоқ қоидаларини, жумладан, мўътадиллик, кечиримлилик, ҳамжиҳатлик ва ўзаро тушуниб яшашга интилишдек олижаноб фазилатларни асраб-авайлаш, халқаро жамоатчиликка етказишда бирлашиш лозимлигини таъкидлашди.

 Анжуман доирасида  Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш, юртимиздан етишиб чиққан улуғ алломалар илмий-маънавий меросини ўрганиш ва тарғиб этишга қўшган муносиб ҳиссаси учун Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Таййибга Самарқанд шаҳрининг фахрий фуқароси унвони берилди.

  Якуний ялпи йиғилишда қайд этилганидек, икки кун давомида асосий ва иккита шўъба мажлисларида қирқдан ортиқ маъруза тингланди ҳамда билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида халқаро конференциянинг якуний тавсиялари ишлаб чиқилди.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати