"САҲИҲУЛ БУХОРИЙ"НИ МУАЛЛИФНИНГ ЎЗИДАН ТЎҚСОН МИНГ КИШИ ЭШИТГАН
Имом Бухорий ўзининг “Саҳиҳул Бухорий” китобини ўз қўллари билан ёзган. Сўнгра, уни ҳадис ўрганадиган кўплаб шогирдларига ўқиб, ривоят қилиб берган...
“Саҳиҳул Бухорий” китобини Имом Бухорийнинг ўзидан жуда кўплаб талабалар эшитган. Бу ҳақда Имом Бухорийнинг энг машҳур шогирдларидан бири – Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Юсуф Фирабрий (ваф. 320 ҳ.) “Муҳаммад ибн Исмоил Бухорийнинг “Саҳиҳул Бухорий” китобини муаллифнинг ўзидан тўқсон минг киши эшитган”, деб айтади. Ҳақиқатда, “Саҳиҳул Бухорий” китобининг ривоятлари орасидан Имом Абу Абдуллоҳ Фирабрийнинг ривояти жуда машҳур бўлиб кетган. Бунинг сабаби, у кишининг узоқ умр кўргани ва китобининг нусҳаси тўлиқ бўлганидир.
“Саҳиҳул Бухорий” китобини эшитадиган талабаларнинг баъзилари эшитиш ва оғзаки нақл билан кифояланиб қолмас эди. Балки, устозидан эшитган ҳадисларни ёзиб борарди. Шу боис, уларнинг қўлида Имом Бухорийнинг ҳузурида ёдлаган оғзаки нусҳаларига мувофиқ бўлган “Саҳиҳул Бухорий” китобининг қўлёзма нусҳалари ҳам пайдо бўларди. Улар Имом Бухорийдан эшитиб, ёзиб олганлари билан кифояланиб қолмас эди. Балки, улар ўзлари ёзиб олган нусҳаларини ўта диққат билан устозлари Имом Бухорийнинг нусҳасига солиштириб кўрар эди ва учраган хато-камчиликларни тўғрилаб оларди. Имом Бухорийнинг қўлидаги асл нусҳага мувофиқ бўлган нусҳалар тугаганидан кейин, ўзларининг нусҳаларига тугаган вақтини ҳамда устозининг нусҳаси билан солиштирилганини ёзиб қўяр эди. Шу сабабли, бизларнинг қўлимизда “Саҳиҳул Бухорий”нинг асл нусҳасини қамраб олган бир неча нусҳалар пайдо бўлган. Бу эса Имом Бухорийнинг ҳаётлик чоғида рўй берган.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси Саудия Арабистонига қилган сафари давомида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг XI асрда кўчирилган нусҳаси ва “Ал-адаб ал-муфрад” асарининг қадимий қўлёзма нусҳасини кўришга муваффақ бўлди. Асар айни вақтда Саудия Арабистонида жойлашган Қирол Фаҳд номидаги Миллий кутубхонада сақланяпти. Кутубхона масъуллари билан бўлган суҳбат жараёнида асардан факсимиле нусҳа олиш ва келгусида давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бунёд этилаётган Имом Бухорий инновацион музейи экспозициясида намойиш этиш режалаштирилган.
Шунингдек, учрашувда Қирол Фаҳд номидаги Миллий кутубхона масъуллари Президент Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолашини айтган.