Қурбон ҳайити муборак бўлсин
Қурбон ҳайити муборак!
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жамоаси барча юртдошларимизни муборак Қурбон ҳайити билан табриклайди.
Тинч ва фаровон юртда, бахту саодатда осуда ҳаёт кечираётган ҳар бир ватандошимизга “Янги Ўзбекистон – Учинчи Ренессанс” ғояси асосида юксак тараққиётга эришаётган Ўзбекистонда яшаб, умргузаронлик қилиш давомли бўлсин.
Тарихдаги ҳар бир даврнинг қадри ундан олдингиси билан қиёс қилингандагина янада теранроқ англанади. Мустабид тузум исканжасида узоқ йиллар ўз дини ва миллий қадриятларидан узоқлаштирилган халқимиз сўнгги йиллардагина ўзининг асл қадриятларига қайтди. Албатта, бу ўз-ўзидан бўлгани йўқ.
Ўзбекистон раҳбарининг юксак минбарлардан туриб жаҳон ҳамжамияти давлатларига ислом динининг эзгулик ва маърифат дини эканлигини, келгусида барча дунё давлатлари ушбу эътирофдан келиб чиққан ҳолда ўз сиёсатларини олиб боришларини таъкидлади. Ана шу билдирилган илғор фикрнинг самараси ўлароқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ўзининг машҳур “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюциясини қабул қилди.
Ватанимизда ҳам диний-маърифий соҳада улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Янги масжиду мадрасалар, қорилар мусобақасию Қуръон курсларининг очилиши, Ҳаж ва Умра сафарларига борувчи зиёратчилар сонининг ошиши ва уларга яратилган замонавий қулайликлар, ислом динига оид илмлар ва тадқиқотлар билан шуғулланувчи илмий-тадқиқот марказларининг очилиши ҳар бир ватандошимиз қалбида ўз юртига, халқига ва давлатига бўлган меҳру садоқатини, муҳаббатини ҳамда шукроналик ҳиссини оширувчи муҳим омиллардан биридир.
Азиз юртдошлар, яна бир бор барчаларингизга Қурбон ҳайити муборак бўлсин!
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жамоаси