Қатар ОАВ: Ўзбекистон маданияти Шарқ маданиятида алоҳида ўринни эгаллайди
ҚАТАР, 29 сентябрь. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон мустақиллигининг 31 йилллиги, Ўзбекистон ва Қатар ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллиги муносабати билан шу кунлари Доҳа шаҳрида ўтказилаётган Ўзбекистон маданият кунлари Амирлик оммавий ахборот воситалари томонидан кенг ёритилмоқда, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Хусусан, «QNA» Миллий ахборот агентлиги ушбу мавзуда эълон қилган мақолада «Доҳа шаҳрининг марказида жойлашган «Катара» маданият маркази мажмуаси галереяларида ўзбек ҳунармандларининг кўргазмаси очилгани қайд этилган. «Кўргазмада намойиш этилаётган маҳсулотлар ранг-баранглиги, миллийлиги ва юқори сифати билан юқори қизиқишга сабаб бўлмоқда», деб ёзади «QNA».
Материалда Қатар опера театрида Ўзбекистон давлат симфоник оркестри томонидан тақдим этилган концерт дастури томошабинларга тўла залда бўлиб ўтгани хабар қилинган. «Бой анъаналарни ўзида мужассам этган Ўзбекистон маданияти Шарқ маданий-маърифий меросида алоҳида ўринни эгаллайди. Мамлакатнинг замонавий мусиқа санъати ҳам кўп асрлик миллий анъаналар руҳига йўғрилган бўлиб, турли цивилизация вакилларига бирдек завқ бахш этади», дейилади нашрда.
Қатарнинг етакчи «ал-Рай» газетасида чоп этилган мақолада Ўзбекистон маданият кунлари очилиш маросимида Амирлик сиёсий, иқтисодий ва маданий доиралари вакиллари ҳамда дипломатик корпус раҳбарлари иштирок этгани маълум қилинган. «Яқинда Доҳада бошланадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати арафасида умуминсоний аҳамиятга эга маданий меросни намоён этувчи Ўзбекистон ҳунармандчилиги ва мусиқаси намуналари тақдим этилгани Амирликнинг кўп миллатли аҳолиси ва меҳмонлари учун алоҳида шукуҳ бағишлади», дея «Қатара» маданият жамғармаси бош директори Ҳолид Иброҳим ас-Сулайти сўзларидан иқтибос келтирган газета.
«Аш-Шарқ» газетасида босилган материалда тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистоннинг Қатардаги элчиси Баҳромжон Аълоевнинг фикрларига эътибор қаратилган. «Доҳада Ўзбекистон маданият кунларининг ўтказилиши Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги муносабатларнинг юқори даражасидан далолат бериб, икки мамлакат халқларини янада яқинлаштириш, маданий-гуманитар соҳалардаги алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади», деб таъкидлаган дипломатия миссияси раҳбари нашр мухбирига.
Қатарнинг яна бир етакчи босма нашри - «Ал-Араб» газетаси ҳам ўз саҳифаларида Ўзбекистон маданият кунларига бағишланган туркум мақолаларни чоп этди. Хусусан, ушбу газетада маданият кунлари доирасида Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ва Қатар миллий кутубхонаси ўртасида имзоланган Ҳамкорлик меморандуми тўғрисида сўз юритилган.
«Қатар Миллий кутубхонаси ижрочи директори Ҳусум Тан Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази билан имзоланган Меморандум кўп асрлик маданий меросни сақлаш, қўлёзмаларни рақамлаштириш, икки муассаса ўртасида ўзаро тажриба алмашиш каби йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш учун асос яратишини билдирди, - дейилади мақолади.
- Мазкур Меморандумни имзолаш маросимидан сўнг Миллий кутубхонада «Ўзбекистон буюк алломалар юрти» ва «Янги Ўзбекистон - Учинчи Ренессанс» мавзуларига бағишланган конференция ўтказилди. Тадбирда сўзга чиққан Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Шоазим Миноваров Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида Ўзбекистонда янги Уйғониш даври - Учинчи Ренессанс пойдевори яратилаётгани ҳақида батафсил маълумот берди».
Нашр конференция иштирокчилари дунё цивилизацияси ҳамда ислом олами тараққиётига улкан ҳисса қўшган ўзбекистонлик уламолар, жумладан, Биринчи ва Иккинчи ренессанс даврларига мансуб илмий мактаб вакиллари ҳаёти, илмий фаолияти, улардан қолган бебаҳо мерос билан танишди, деб урғулаган. «Ўзбекистонда бугунги кунда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ўз самарасини бераётгани, хусусан, ўзбек ёшлари халқаро илмий, техникавий ва спорт олимпиадаларида эришаётган ютуқлар ҳақидаги маълумотлар катта қизиқиш билан қабул қилинди», дея қайд этган «Ал-Араб».
Шу ўринда таъкидлаш керакки, Қатарда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон маданият кунлари маҳаллий ва араб дунёсидаги етакчи телеканаллар томонидан ҳам фаол ёритилмоқда. Хусусан, маданият кунлари доирасидаги йирик тадбирлар Қатар миллий телевидениеси ва «ал-Жазира» телеканали томонидан тўғридан-тўғри эфирга узатилди.