Қаршида халқаро анжуман


  25-26 декабрь кунлари Қарши шаҳрида Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида Абу-л-Муин Насафий илмий меросига бағишланган “Жаҳолатга қарши маърифат билан курашган буюк аллома” номли халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда Туркия, Миср, Россия, Бангладеш, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан ташриф буюрган таниқли исломшунос олимлар, дипломатлар, Республикамизнинг вилоятларида ва Тошкент шаҳрида илмий фаолият юритаётган олимлар (А.Мансур, У.Уватов, Ш.Зиётов, Ҳ.Ишматбеков ва бшқ.), ёш тадқиқотчилар, жамоат ташкилотлари вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди. Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази , Ўзбекистон Мусулмонлари идораси, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Республика Маънавият ва маърифат маркази вакилларидан иборат 30 га яқин иштирокчилар ҳам ташриф буюришди.    

 

Дастлаб анжуман иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан бунёд этилган Қарши туманидаги Абу-л-Муин Насафий мажмуасига ташриф буюрдилар ва буюк аллома хотирасига ҳурмат бажо келтирдилар.

11-асрдаёқ яна бир буюк ватандошимиз Имом Мотуридий ақидасини турли хуружлардан ҳимоя қилган ва табаррук динимиз - Исломнинг софлиги учун курашган Абу-л-Муин Насафий меросининг ҳали очилмаган, тўлиқ ўрганилмаган қирралари кўп экани, аллома фаолиятининг аҳамияти, асарлари долзарблиги ҳамон сақланиб тургани мавзусида қатор ва қизиқарли чиқишлар қилинди.

Конференция якунида Имом Мотуридий ва Абу-л-Муин Насафий ижодларини ўрганишда давом этиш ва уларни оммалаштириш, Самарқанд ва Қашқадарё вилоятларига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази мутахассисларининг махсус илмий экспедицияларини ташкил қилиш бўйича тадбирларни ўз ичига олган тавсиялар ишлаб чиқилди.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази

матбуот хизмати