ҚАЛҚОН ШАКЛИДА ЯСАЛГАН “ТИБ ҚОНУНЛАРИ” КИТОБИ МУҚОВАСИНИНГ НУСХАСИ СОВҒА ҚИЛИНДИ
“Буюк аждодлар мероси — Учинчи Ренессанс пойдевори” VIII Халқаро конгрессда иштирок этган хорижлик экспертлардан яна бири Саудия Арабистони Ислом олами уюшмаси, конгресслар ва тадбирлар бўйича бош директори – доктор Шокир Салоҳ ал-Адваний Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди...
Ташрифи чоғида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов билан учрашди.
— Халқаро конгрессга таклиф қилганингиз учун ташаккур. Самарқандда Имом Бухорий мажмуаси билан танишдик. Аждодлар меросини асраб-авайлаган ҳолда ислом оламининг барча вакилларини Ўзбекистон ҳамжиҳатликка чақиряпти. Хусусан, Имом Бухорий ислом оламидаги нуфузли шахслардан. Унинг илмий фаолиятини чуқур ўрганиш дунёга янги билимлар эшигини очади. Албатта, Ўзбекистон Республикаси Президенти бундай улуғ ишларга йўл очиб бераётгани қувонарли, - деди доктор Шокир Салоҳ ал-Адваний.
Қизиқарли кечган суҳбат асносида, Саудия Арабистонидан келган доктор Шокир Салоҳ ал-Адванийга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори юртимизда яшаб ўтган улуғ аллома, буюк мутафаккир Абу Али ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китоби муқовасининг фахрий қалқон шаклида ясалган нусхасини эсдалик совғаси сифатида топшириб, уни Уюшма раҳбари, Бош котиб Муҳаммад ибн Абдул-Карим ал-Исага етказишни илтимос қилди. Шокир Салоҳ ал-Адваний ҳадядан боши осмонга етганини билдириб, уни албатта Ислом олами уюшмаси Бош котиби Муҳаммад ибн Абдул-Карим ал-Исага топширишга ваъда берди.