ҚИРОЛ КУТУБХОНАCИДА
Марказий Осиё халқлари маданиятини Ўрта аср шароитида дунё маданиятининг олдинги қаторига олиб чиққан буюк мутафаккирлардан бири – Абу Али ибн Сино бўлиб, у Оврўпода Авиценна номи билан машҳурдир...
Ибн Синонинг «Китоб ал-қонун фит-тибб», «Китоб ун-нажот», «Китоб ул-инсоф» каби машҳур асарлари, геометрия, астрономия, ўсимлик, ҳайвонот олами, мантиққа оид рисолалари, «Ҳайй ибн Яқзон» фалсафий қиссаси мавжуд.
Буюк бобокалонимиз қаламига мансуб нодир қўлёзма ва асарларни тадқиқ этиш ва кенг оммалаштириш бўйича бугун кўпгина ишлар олиб бориляпти. Ҳусусан, президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи экспозициясида ҳам алломанинг ҳаёт йўли ва асарларига алоҳида урғу бериш ҳам кўзда тутилган. Марказ делегациясининг яқинда Саудия Арабистонига қилган сафари давомида қизиқ бир маълумотга дуч келинди. Бу ҳам бўлса, Саудия Арабистонида жойлашган Қирол Фаҳд номидаги Миллий кутубхонада юртимиз тарихига оид нодир манбалар сақланаётган экан. Миллий кутубхонада Ибн Синонинг 1592 йилда Италияда нашр этилган “Тиб қонуни” китоби борлиги маълум бўлди. Мазкур китобдан келгусида факсимиле нусҳа олиниши ва нафақат ислом цивилизацияси марказида намойиш этилиши, балки тадқиқ қилиш учун илмий жамоатчиликка ҳам берилиши кўзда тутиляпти.