Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Марказ илмий-маслаҳат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди.


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида Марказ илмий–маслаҳат кенгашининг кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Марказ фаолиятини такомиллаштириш, экспозицияни энг замонавий технологияларни қўллаган ҳолда янада бойитиш, уни илмий ва мантиқий узвийликка асосланган ҳолда ташкил қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Марказ директори Ф.Абдуҳолиқов мамлакат раҳбарияти томонидан илмий–маърифий соҳадаги фаолият самарасини ошириш, уни замон талабларига мослаштириш, Ислом цивилизацияси марказини том маънода халқаро маърифат марказига айлантириш учун марказ жамоасини йўл харитаси лойиҳасини ишлаб чиқишга чақирди

Йиғилишда Марказ таркибий қисмларининг номланиши, Ўзбекистон олимлари форумида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар таҳлили, бўлимлар кесимида яқин келажакда амалга ошириладиган илмий лойиҳалар масалалари кўриб чиқилди.

Илмий кенгаш профессор Ж.Исмаилова, академик Т.Қўзиев, проф.С.Каримова, академик А.Ҳакимовларнинг Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини такомиллаштириш бўйича киритган таклифларини маъқуллади.

Йиғилиш кўриб чиқилган масалаларнинг аксарияти бўйича тегишли қарор қабул қилди.