Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази-халқаро ҳамкорлик кенгаймоқда


     Олдига қўйилган мақсад ва вазифаларни муваффақият билан бажариш мақсадида Ислом цивилизацияси маркази кенг кўламда халқаро ҳамкорлик олиб бормоқда. Жорий йилнинг 6 июнь куни  Буюк Британиянинг «1001 Inventions» ташкилоти директори Аҳмед Салим Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров билан учрашди.

     

     Ш.Миноваров Марказнинг асосий вазифаси ўзбек халқининг бой илмий, маънавий меросини ўрганиш, барча ташриф буюрувчиларга ислом дини тинчлик ва фаровонлик дини экани, илм-фан ва тараққиётга чорлаши, терроризм ҳамда экстремизмга алоқаси йўқ эканини кўрсатиб беришдан иборатлигини таъкидлади. Марказга ташриф буюрувчилар, айниқса ёшлар у ердан ислом динига ҳурмат, улуғ аждодларига эҳтиром ва ғурур руҳи билан чиқишлари асосий мақсад қилиб қўйилгани билдирилди. Сўзини давом эттираркан, Ш.Миноваров «1001 Inventions» лойиҳаси билан яхши танишлиги, мазкур тўпламга кирган ислом кашфиётларининг учдан бир қисми ўзбекистонлик олимларнинг ишлари эканлигини мамнуният билан эслатиб ўтди. 

      Тўпламнинг рус ва турк тилларга таржима қилинганидан хабари борлигини айтиб, китобнинг ўзбек тилига таржима қилиш, Ал-Хоразмий, Фарғоний, Улуғбек каби олимлар ҳақидаги маълумотларни кенгроқ ёритган ҳолда нашр қилиш аҳамиятли бўлиши, бу борада Ислом цивилизацияси маркази ҳар томонлама ҳамкорликка тайёрлигини таъкидлади.  
Аҳмед Салим қабул ва маълумотлар учун миннатдорчилик билдираркан, ташрифдан асосий мақсад ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, дунё маданияти, илм-фан ва санъати ривожига туртки берган, цивилизациялар чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон диний-илмий меросини тадқиқ қилиш ва муносиб тарғиб қилиш юзасидан лойиҳалар амалга ошириш ниятида эканлигини тасдиқлади.

         

     У хусусан, «1001 Inventions» ташкилотининг кўргазма ва оммавий тадбирлар ташкил этишдаги улкан тажрибасини гапириб, бугунги кунда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейи концепциясини ишлаб чиқиш, экспозиция дизайни, очилиш маросими дастурларини тайёрлаш, дунёнинг етакчи телеканал ва ОАВларида тарғибот ва ташвиқотини ташкиллаштириш масаласида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, ташкилотнинг дунёнинг етакчи музей ва ташвиқот Компаниялари билан алоқаларини ишга солган ҳолда, Марказ фаолиятини юқори халқаро даражага кўтариш, музейнинг вақтинчалик ва кўчма экспозицияларини хорижий давлатларда намойишини ташкил этиш, худди шундай хорижий кўргазмаларни Марказ залларида намойишини ташкил этиш масалаларида ёрдам кўрсатишга тайёрлигини тасдиқлади.

    Бухоро шаҳрининг “2020 йилда Ислом маданияти пойтахти” деб эълон қилиниши муносабати билан Бухорода ўтказиладиган тадбирларнинг ташкилий ишларида «1001 Inventions» ташкилоти ҳам ўз лойиҳалари билан иштирок этишни режалаштираётганини маълум қилган ҳолда, бу тадбирлар доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш, «1001 Inventions» тўпламининг ўзбек тилидаги нусхаси тақдимотини ўтказиш ўта самарали бўлиши эътироф этилди.
  Учрашув якунида томонлар қисқа фурсатларда ўзаро ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзолаш, икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга келишдилар.
      Учрашув ўзаро ҳурмат ва самимийлик муҳитида ўтди.