Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламининг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташаббуси билан «Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси» мавзусидаги илмий-амалий конференция бўлиб ўтмоқда.

Конференцияда бухорийшунос олимлар, ҳадисшунослик йўналишида фаолият юритаётган мутахассислар, дин арбоблари ва жамоатчилик вакиллари иштирок этмоқдалар.

Айтиш жоизки,  сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат юртимиз, балки бутун ислом оламининг юксак эътирофига сазовор бўлмоқда.

Жаҳон ҳамжамияти томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб эътироф этилаётган ушбу даврда Президент Шавкат Мирзиёев  ташаббуси билан ташкил этилган илмий-тадқиқот марказлари, жумладан, ЎзИЦМ нуфузли турдош хорижий марказлар билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантирмоқда, улар билан ҳамкорликда йирик илмий лойиҳаларни амалга оширмоқда. Ислом тамаддуни ривожига бебаҳо ҳисса қўшган мовароуннаҳрлик аллома мутафаккирларнинг бой илмий мероси халқаро даражада оммалаштирилмоқда.

«Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси» мавзусидаги илмий конференция мазкур фаолият доирасидаги ишларнинг мантиқий давоми бўлмоқди. Конференция Самарқанд ва Тошкентда икки кун давом этади.

Жумладан, 2024 йил 20 июль куни Самарқанддаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари, Ҳадис илми мактаби ўқитувчилари ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилоят вакиллиги вакиллари иштирокида Имом Бухорий мажмуасида “Саҳиҳул Бухорий” асарининг хатми якунланди. Самарқанд вилояти нуронийлари ва фаолларининг Имом Бухорий мажмуаси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказига зиёрат ҳам ташкил этилмоқда.