Ўзбекистон ва Ўмон бой маданий меросни асраб-авайлаш ва ўрганиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтирмоқда
Жорий йилнинг 26-29 август кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази вакилларидан иборат делегация Ўмон Султонлигига ташриф буюрди. Ташриф Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ғоялари ва ташаббуслари билан тузилган илмий марказлар тақдимотини ўтказиш, республикамизда амалга оширилаётган диний-маърифий ислоҳотлардан халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиш ва икки томонлама алоқаларни ривожлантириш мақсадида ташкил қилинди.
Ташриф давомида мамлакатимиз вакиллари Ўмоннинг Архив ва ҳужжатларни сақлаш миллий департаменти раиси Ҳамад ал-Давяни билан учрашди.
Учрашувда икки томонлама илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти тўғрисида батафсил тақдимот ўтказилди.
Департамент раиси Ҳамад ал-Давяни сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида мамлакатимиз бой маданий меросини асраб-авайлаш ва ўрганиш, маърифат ва диний бағрикенглик таълимотини кенг ёйиш бўйича амалга оширилаётган улкан саъй-ҳаракатларни Ўмон томони юқори баҳолашини таъкидлади.
Мулоқот натижасида томонлар Ҳамкорлик меморандумини ишлаб чиқиш ва имзолашга келишиб олдилар.
Шунингдек, мамлакатимиз делегацияси аъзолари, Ўмон Архив ва ҳужжатларни сақлаш миллий департаментида нодир қўлёзма ва ҳужжатларни сақлаш, зарарланган саҳифаларни реставрация қилиш, қўлёзма ва тошбосма асарларнинг фотомоделларини яратиш, Cултонликда кечган тарихий воқеалар шоҳидлари ҳикояларини видеотасмаларга тушириш жараёнлари билан танишдилар.
Сафар давомида, Ўзбекистон делегацияси Ўмон миллий музей фаолияти билан танишди. Музейда Ўмон тарихи, жумладан, ислом мероси ҳақида ҳикоя қилувчи коллекциялар ҳамда уларни намойиш этиш услублари билан танишдилар. Музейшунослик соҳасида ўзаро тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
Бундан ташқари Ўзбекистон делегацияси Ўмон султони девони ҳузуридаги Султон Қобус маданият ва фан маркази раиси Ҳабиб ал-Риями билан музокаралар ўтказди.
Ҳабиб ал-Риями 2018 йилда Ўзбекистон Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти янги биносининг очилиш маросимида мамлакат делегацияси таркибида иштирок этганини билдириб, султонлик раҳбарияти Ўзбекистон билан ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.
Томонлар, шунингдек, ўзаро тажриба алмашиш, илмий тадқиқотлар олиб бориш, илмий анжуманлар ўтказиш ва ўқув грантларини ажратиш масалалари хусусида ҳам фикр алмашдилар.