"Ўзбекистон - ислом цивилизацияси маркази" мавзуидаги тақдимот анжумани


   2019 йилнинг 15 октябрь куни А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси маркази” мавзусидаги тақдимот анжумани бўлиб ўтди. Анжуман Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбек тили ва адабиёти университети ҳамкорлигида ташкил этилди.


Анжуманда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров, халқаро алоқалар бўлими мудири И.Шамсимухамедов, илмий ходимлар Ф.Муҳаммадиев ва С.Зокировлар иштирок этдилар.


А.Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети маънавият
ва маърифат ишлари бўйича масъул ходими   А.Собиров анжуманни очиб, юртимизда маънавий – маърифий соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, диний маърифий йўналишда амалга оширилган ва оширилаётган тизимли ишлар ҳақида гапириб ўтди. Чунончи, Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан Термиз ва Самарқандда халқаро ҳадис марказлари, Қаршида калом мактаби ташкил этилганлигини таъкидлаб, Тошкентда барпо этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ҳам бутун минтақамизда маърифий ислом ва беназир илмий меросимизни тарғиб қиладиган улуғ даргоҳ бўлиши эътироф этди.


    Марказ директори Ш.Миноваров талабаларга Ўзбекистоннинг Ислом цивилизацияси ривожига қўшган беқиёс ҳиссасини, ислом таълимотининг софлиги ва равнақига хизмат қилган буюк аждодларимиз ҳаёти ва илмий фаолиятини батафсил, ёрқин мисолларда тушунтириб берди. Маъруза талаба ёшларда катта таассурот қолдирди.
Анжуман сўнггида савол ва жавоблар бўлиб ўтди ҳамда марказ ҳақидаги видеоролик намойиш этилди.
     Мазкур тадбирни ёритиш учун “Ўзбекистон 24” теле ва радиоканали, “Севимли” телеканаллари вакиллари иштирок этдилар.

 

Ислом цивилизацияси маркази матбуот хизмати.