Ўзбекистон Республикаси Давлат герби


 

Ўзбекистон Республикаси Давлат герби Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзидир. Герб давлат байроқларида, муҳрда, расмий бланкларда, муҳим ҳужжат, пул ва давлат заёмларида, баъзи биноларда тасвирланади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли ва оқ-қора тасвири 1992 йил 2 июлда қабул қилинган "Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тўғрисида"ги қонун билан тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби қуйидаги кўринишга эга: тоғлар, дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан, ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради. Гербнинг юқори қисмида республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккиз  бурчак тасвирланган бўлиб, унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвири бор. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши кўринади.

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази жамоаси барча ватандошларимизни ушбу сана билан қутлайди.