"Ўзбек халқига тегишли мероснинг ўз ватанига қайтарилиши йўлида қилинган саъи-ҳаракатларни юксак баҳолайман"
Турли сабабларга кўра, Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиб кетилган ва хорижда сақланаётган қўлёзмаларни қайтириш ёки улардан факсимиле нусҳа олиш бўйича бугун кўпгина саъй-ҳаракатлар олиб бориляпти.
Айни йўналишдаги халқаро ҳамкорлик ўзининг ижобий самарасини беряпти. Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов билан Австриянинг “Mueller & Schindler” нашриёти вице-президенти Александр Вильгельм ўртасида бўлиб ўтган видео мулоқот жараёнида ҳам, ана шундай самарали ҳамкорликнинг келгуси босқичлари муҳокама этилди. Мулоқот жараёнида Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданий-гуманитар, миллий-диний соҳаларга қаратаётган эътибори, шу йўналишда берган топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида ташкил этилаётган "Буюк аждодлар мероси – III ренессанс асоси" VIII халқаро конгрессни ўтказишга кўрилаётган тайёргарлик ҳақида маълумот берилди ва дунёнинг кўплаб мамлакатларидан 500 га яқин илмий доира вакиллари иштирок этиши таъкидланди.
Александр Вильгельм Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази томонидан бу нуфузли анжуманга кўрилаётган тайёргарликни юқори баҳолади. У халқаро конрессга келишини ва тақдимотлари билан иштирок этишини билдирди.
— 114 Қуръон. Тарихий шахслар, қўшма лойиҳалар ва уларнинг амалга ошиш секцияси, менимча бугунги мулоқотда эришилган энг яхши натижалардан бири бўлди, -деди Александр Вильгельм. – Мен бу Конгрессда иштирок этишдан бахтиёрман. Ўзбек халқига тегишли мероснинг ўз ватанига қайтарилиши йўлида қилинган саъи-ҳаракатларни юксак баҳолайман. Ва бу шунчаки қайтариш эмас, балки кенг тарғиб этиш ва чуқур ўрганиш ҳам демакдир. Конгрессда юртбошингиз ташаббуси билан мана шундай ҳайрли ишлар қилинаётганини ҳам эътироф этмоқчиман.
— Халқимиз маданий тарихига оид қадимий қўлёзмалар ва китобларнинг юртимизга қайтарилиши ёки улардан факсимиле нусҳаларнинг олиниши ҳар доим муҳтарам Президентимизнинг диққат марказидадир, - деди Фирдавс Абдухолиқов. – Яқинда Мадрид шаҳрида таниқли қуръоншунос, шарқшунос, палеография бўйича мутаҳассис, “Коллеж де Франс” профессори Франсуа Дерош билан учрашувда ҳам 114 Қуръон лойиҳасини муҳокама қилганмиз. Халқаро ҳамкорлик йўналишида олиб бораётган ишларимиз натижасида ўйлайман-ки, энг қадимий ва безакли бўлган 114 та Қуръони Карим саҳифаларидан нусҳа олиб, яхлит тўплам сифатида нашр этиш, “Катта Лангар” Қуръонининг қолган факсимиле нусҳаларини ҳам юртимизга олиб келиш ишларини тез фурсатларда якунлаймиз, деган умиддаман.
Шунингдек, мулоқот жараёнида ҳамкорликнинг келгуси истиқболлари муҳокама этилди.