Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад бин Саид Ал-Касирий Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
25 октябрь куни Ўмон Султонлигининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Аҳмад бин Саид Ал-Касирий Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига ташриф буюрди.
Мартабали меҳмон Ислом цивилизацияси марказининг фаолияти билан яқиндан танишди. Унинг мақсади ва вазифаларини маъқуллаб, умумисломий меросни тадқиқ қилиш, амалиётга киритиш ва келажак авлодларга етказиш чораларини кўриш соҳаларида икки томонлама манфаатли ҳамкорлик ўрнатишга Ўмон Султонлиги тайёр эканини маълум қилди.
Томонлар ҳар икки мамлакат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик алоқаларини маърифат ва илм йўналишларида ҳам ривожлантириш мамлакатлар халқларининг манфаатларига хизмат қилажагини таъкидладилар.
А. ал-Касирий Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг мусулмон ҳамжамияти учун илм ва маърифат маркази бўлажагига ишонч билдирди. Марказ олдига қўйилган вазифаларни адо этишда Ўмон ҳукумати барча зарур кўмакни кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди.
Суҳбат давомида Ўмон Султонлигидаги илмий муассасалар, ўқув юртлари ва марказлар билан Марказ ўртасида ўзаро илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш, икки томонлама тажриба алмашиш мақсадида илмий ходимларнинг сафарларини ташкил этиш, ҳамкорлик ҳақидаги меморандумларни имзолаш мавзулари ҳам муҳокама қилинди. Ўмон Султонлиги элчиси Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасига китоблар жамламасини тақдим қилди.
Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.