ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИГА ОЛТИТА ЯНГИ ТАРИХИЙ АСАР ТОПШИРИЛДИ
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонаси янги қўлёзма ва тошбосма асарлар билан бойиди. Марказ директори, санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори Фирдавс Абдухолиқов мазкур кутубхонанинг нодир қўлёзмалар фондига ўз коллекциясида сақланаётган олтита тарихий манбани ҳадя қилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий ходими Азимжон Ғофуровнинг таъкидлашича, шундан 3 таси қўлёзма ва 3 таси тошбосма асарлар бўлиб, уларнинг барчаси тўлиқ, яхши сақланган, эътиборга молик асарлардан.
Шулардан бири, Фахриддин Али ибн Ҳусайн ал-Кошифий Сафийнинг “Рашаҳот айнул ҳаёт” асари. Бу асар халқ тилида “Рашаҳот ал-уюн” номи билан машҳур бўлган. Асарда ислом оламида машҳур бўлган тасаввуф тариқасидаги авлиё зотларнинг таржимаи ҳоллари, улар билан содир бўлган воқеалар ёзилган. Асар 1151/1738 йил хаттот Муҳаммад Салоҳ ибн ал-Мабрур Абдушукур томонидан кўчирилган.
Шаръий масаладларга оид “Мухтасар виқоя маъа жўнг” асари ҳам бор. Асарга қози томонидан масалаларга мос ҳаётий воқеотлар ёзилган. У араб-форс тилларида бўлиб, 1236/1820 йил кўчирилган.
Шунингдек, ҳадя қилинган манбалар – Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фондига тақдим қилинган асарлар орасида мерос илмига оид “Фароиз” асари шарҳи, мадрасаларда дарслик сифатида ўтилган “Талимул мутааллим”, “Мунъятул-мусоллий”, “Тажвид” асари қўлёзмалари, Имом ал-Бухорийнинг 1893 йилда Мисрда нашр қилинган “Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ” тўплами, тиббиётга оид “Мезон-ут-тибб” асарининг 1894 йилда босилган тошбосма нусхаси, Эвклиднинг (тах. мил.авв. 325-265 йилларда яшаган қадимги юнон математиги, геометриги) 1910 йил араб тилида чоп этилган “Усул ал-ҳандаса вал ҳисоб ли-Иқлидис” асарлари ҳам бор.