ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ ҚУРИЛИШ МАЙДОНИГА ТАШРИФ


  Жорий йилнинг 22 сентябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар бош имомлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази қурилиш майдонига ташриф буюрдилар. Республикамиз имомларига Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, унинг бебаҳо меросни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш, соф ислом таълимотини тарғиб қилиш каби мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди.

  Меҳмонларга марказ таркибида ташкил этиладиган “Ислом санъати музейи”, 100 минг нодир қўлёзма ва тошбосма китобларга эга кутубхона, халқаро конференциялар зали фаолияти ва мақсадлари, илмий-тадқиқот, халқаро ҳамкорлик, реставрация, рақамлаштириш йўналишларидаги фаолият тўғрисида маълумот бериб ўтилди.

Тинчликсевар ва бағрикенг ислом динининг асл моҳиятини очиб бериш, соф ислом таълимотини тарғиб қилиш, ёш авлодни буюк аждодларга муносиб тарзда тарбиялашга ҳисса қўшиш, энг муҳими – буюк аждодларимизнинг жаҳон тамаддунига қўшган ҳиссасини намойиш қилиш мақсадида қурилаётган маҳобатли илм ва маърифат маркази республикамизнинг турли вилоятлардан келган имомларда катта ижобий таассурот уйғотди.

 

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати