ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ИСЛОМ ЦИВИЛИЗАЦИЯСИ МАРКАЗИ ДЕЛЕГАЦИЯСИ АЙЮБ СУЛТОН МАҚБАРАСИДАГИ АЛИ ҚУШЧИ ҚАБРИНИ ЗИЁРАТ ҚИЛДИ
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори бошчилигидаги делегация Истанбул шаҳрида Айюб Султон масжиди номи билан машҳур бўлган зиёратгоҳнинг шимолий ва ички ҳовлининг ўнг томонида жойлашган мақбарада ҳам бўлди.
У ҳукмдор султон Меҳмет Фотиҳ томонидан 1454-1455 йилларда қурилган. Мақбарага дафн этилган ҳазрати Холид ибн Зайд Абу Айюб ал-Ансорий асли Мадинадан. Ҳижратдан икки йил олдин Маккага келган ва ҳазрати Муҳаммад (с.а.в.) билан учрашиб, Исломни қабул қилган.
Манбаларда буюк ватандошимиз, Самарқанд астрономия мактаби вакили Али Қушчи Aйюб Султон мақбарасига дафн этилганлиги келтирилган. Мақбара яқинидаги катта мармар парчасида “Aли Қушчи – фан одами” деган ёзув бор.
— Али Қушчининг қабри айнан Истанбул шаҳридаги Айюб Султон масжиди ҳудудида жойлашган. Тарихий манбаларда ҳам бу ҳақда аниқ маълумотлар ёзилган. Али Қушчи Фотих султон Мехметнинг таклифи билан Истанбулга келган. Манбааларга кўра, Фотих султон Мехмет бу Самарқанд астрономия мактаби вакилини Истанбулга олиб келиш учун анчагина маблағ сарфлаган экан. Султон Мехмет олимларни қадрлагани учун ҳам шундай йўл тутган, - деди Истанбул университети профессори Эмек Ушенмез.
Aлоуддин Aли ибн Муҳаммад Қушчи Мирзо Улуғбекнинг энг ишончли дўсти ва шогирди бўлган. У 30 га яқин асар, шу жумладан, устозининг “Зижи Жадиди Курагоний” асарига шарҳ ёзган. “Шарҳи “Зижи Улуғбек”ни аввал Жамшид Коший ва Қозизода Румийлар бошлаган, сўнг уни Aли Қушчи Истанбулда якунлаган.
Aли Қушчи Усмонли астрономия ва математика мактаби асосчиси саналиб, у кўплаб Самарқанд мактаби издошларини тарбиялаган. Олим 1473 йили Туркияга келгач, султоннинг ўзи унга Aё София масжидини расадхона сифатида топширади. Aли Қушчи у ерда талабаларга Самарқанд олимларининг ютуқлари ва Улуғбек “Зижи” ҳақида маърузалар ўқийди. Талабалар орасида Германиядан келганлар ҳам кўп эди. Маъруза давомида Aли Қушчидан эшитган “синус”, “косинус” ибораларини ўз ватанига борганларида кўп ишлатгани учун Германияда уларга “коссистлар” деб ном беришади. “Коссистлар” Европа Ренессансида катта роль ўйнаган. Aли Қушчи туфайли Мирзо Улуғбекнинг “Зиж” асари Истанбул орқали Европага борди ва бутун оламга машҳур бўлди.
Ҳалит Эрен, Текирдағ университети профессори: — Самарқанд астрономия мактаби вакили Али Қушчининг қабр тошида Қуръони Каримдан оятлар ва айнан ўзининг номи ҳам ёзилган. Туркияда самарқандлик бу олимга бўлган ҳурмат жуда юқори. Шу боисдан ҳам зиёратчиларнинг энг биринчилар қаторида ташриф буюрадиган маскани – Айюб Султон мажмуасидир.
Али Қушчининг қабри айнан мазкур масжиддан жой олиши ҳам унга бўлган ҳурматнинг яққол белгисидир.
Али Қушчи қабри устига Ўзбекистон Республикаси Раҳбарияти номидан махсус қабр тоши ўрнатиш таклифи билдирилди.