ЎЗБЕКИСТОН-ТУРКИЯ ОЛИМЛАРИ ПЛАТФОРМАСИ ЯРАТИЛАДИ
Аввал хабар қилинганидек, жорий йилнинг 15-19 сентябрь кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ф. Абдухаликов бошчилигидаги делегация аъзолари иштирокида Туркияда бир қатор тадбирлар, давра суҳбатлари, тақдимот ва кўргазмалар ўтказилди.
Дастлаб, марказ вакиллари томонидан 15 сентябрь куни Истанбул шаҳридаги “Outdor Factory” компанияси фаолияти яқиндан ўрганилди. Мазкур компания айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази музейини бойитиш бўйича ўз лойиҳаларини тақдим этган. Компания раҳбари Синан Тураман Туркия Президентининг Истанбул шаҳридаги музейида олиб борилаётган ишлар билан таништирди.
Сафар давомида Истанбул шаҳридаги Аё София мажмуаси, Кўк масжид, Тўпқопи саройи, қадимги Эфес шаҳри ва Галикарнас мақбараси каби машҳур тарихий ёдгорликларнинг кичик моделларини ўз ичига олган Очиқ осмон остидаги миниатюралар музейи – Miniatürk сингари диққатга сазовор жойларда қатор учрашувлар ўтказилди. Марказ мутахассислари ушбу тарихий обидалар ва музейлар, кутубхона ва бошқа маърифий муассасалар тажрибасини ўрганишди.
Марказ делегацияси сафар давомида Туркиядаги ана шундай муассасаларда замонавий интерактив дастурлар, ахборот технологияларининг энг сўнгги ютуқларидан қай даражада фойдаланилаётганига эътибор қаратди.
Жумладан, Болалар ва ёшлар учун мўлжалланган “Deneyap Technology Atölyesi” таълим дастури, “Истиқлол” Истанбул иллюзиялар музейи, Туркия Замонавий санъат музейи, Истанбулнинг Усмоний султон Меҳмед Фотиҳ томонидан фатҳ этилишига бағишланган “Панорама 1453” музейи, Аё София тарихи музейида бу борада жаҳондаги энг илғор ва замонавий методлар, турли 3D шоулар, видео-контентлар ишлатилаётгани маълум бўлди.
Илмий-ижодий сафар асносида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегациясига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий маслаҳатчиси Халит Эрен, Миллий саройлар бошқармаси бошлиғи Ясин Йилдиз, Туркия қўлёзмалар идораси раҳбари Жўшкун Йилмаз, қатор нуфузли олий ўқув юртлари профессорлари, олим ва мутахассислар ҳамроҳлик қилишди.
Истанбулдаги учрашувлар, ташрифлар чоғида Ўзбекистон маданий мероси билан боғлиқ қатор нодир қўлёзмалар ва тарихий экспонатлар билан ҳам таншилди.
Жумладан, Турк ва Европа меъморчилигининг нодир намунаси “Юлдуз” саройида Қўқон хони Амир Умархон турк султони Маҳмуд II га ҳадя қилган Қуръони карим нусхаси сақланмоқда. Тўпқопи музейида темурийлар даврига оид қатор нодир осори атиқалар. Бухоро амирининг турк султони Абдулҳамид II га юборган ҳадялари, ислом оламининг энг нодир ва муқаддас омонатлари ўзбекистонлик меҳмонларда катта таассурот қолдирди.
Туркия тарихидаги муҳим масканлардан бири – Долмабахче саройида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов ва Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллий саройлар бошқармаси раиси Ясин Йилдиз ўртасидаги учрашувда муштарак миллий меросимизни ўрганишда илмий куч ва имкониятларни бирлаштириш юзасидан фикр алмашилди.
— Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан дунё миқёсида ислом динининг маърифатпарварлик тамойилларини кенг тарғиб қилиш, маданий меросни асраб-авайлашда амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътиборга молик, - деди Ясин Йилдиз. – Бу борада Туркияда ҳам ниҳоятда кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда. Икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги музокараларда ҳам бу борада ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга катта эътибор қаратиляпти. Ўйлаймизки, ўзбекистонлик дўстларимизнинг бу ташриф ҳар икки юрт олимлари ва тадқиқотчилари учун янги имкониятлар эшигини очади.
Учрашувда бу борада ўзбек ва турк олимларининг ҳамкорлиги доирасида қўшма форум ташкил қилиш таклиф қилинди. Ясин Йилдиз Туркиядаги миллий саройлар, музей ва кутубхоналар билан ҳамкорликда “Ўзбекистон маданий мероси” туркумидан янги китоб-альбомлар чоп этиш бўйича ҳамкорлик қилишини билдирди.
Туркия замини буюк азиз-авлиёлар, улуғ мутафаккирлар хоки мангу қўним топган замин. У ерда Ўзбекистон заминида етишиб чиққан ва қадим Рум ўлкасига сафар қилиб, шу ерда умрининг сўнгги дамларида яшаб ижод қилган аждодларимиз хоки ётибди. Делегация вакиллари Истанбулнинг Айюб Султон мақбарасида дафн қилинган Али Қушчи қабри, Ускударда бир пайтлар ҳаж зиёратига отланган ҳамюртларимиз учун вақтинча бошпана вазифасини ўтаган Ўзбеклар теккеси (хонақоҳи)ни зиёрат қилиб, аждодларимиз руҳига ҳурмат бажо келтирилди.
Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази – ИРСИКАнинг собиқ раҳбари Халит Эрен Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази лойиҳаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
— Ўзбекистон раҳбари томонидан амалга оширилаётган умуминсоний ислоҳотларни мунтазам кузатиб бораман, - деди Халит Эрен. – Яқинда бу ислоҳотларнинг жаҳоншумул аҳамиятига бағишланган махсус мақоламни Туркияда инглиз тилида чоп этиладиган “Daily Sabah” газетасида эълон қилган эдим. Бу мақола ва барча дипломатик корпус вакиллари томонидан катта қизиқиш билан қабул қилинди. Айни пайтда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази билан ҳамкорликдаги Туркияда сақланаётган Ўзбекистонга оид энг нодир Қуръон қўлёзмалари лойиҳаси устида иш олиб боряпман.
Айни пайтда Марказ раҳбарияти томонидан қардош юртдаги матбаа корхоналари, хаттот ношир ва дизайнерлар билан ҳам доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган. Бу галги сафар чоғида “Мега Басим” нашриёт уйи директори Ҳасан Конду, Қуръони Каримни 1500 йиллик хат ва безак услубларини ўз ичига олган қўлёзма хаттоти Ҳусайн Кутлу билан музокаралар олиб борилди. “Ўзбекистон қўлёзма меросида тарихий шахслар”, “Клавихонинг Амир Темур салтанатига саёҳати”, “Қуръони Каримнинг 114 нодир қўлёзмаси”, “Ўзбекистоннинг ноёб мусҳафлари” китоб-альбомларини чоп этиш бўйича учрашув ва мулоқотлар ўтказилди.
Делегация вакиллари иштирокида 17 сентябрь куни Ислом тарихи, санъати ва маданияти тадқиқотлари маркази – ИРСИКА ташкилоти биносида мамлакатимизнинг қадимий ва бой тарихи, бетакрор маданияти ҳақида “Янги Ўзбекистон: замон, макон ва маданий мерос” мавзусидаги фотокўргазма ташкил қилинди. Фотокўргазма доирасида “Ўзбекистон-Туркия: туташ илдизлар ва умумий мерос” медиа-ивент дастури ва “Ўзбекистоннинг буюк алломалари энциклопедияси” лойиҳаси тақдимотлари ўтказилди.
Ушбу тадбир давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий илмий текшириш марказлари тақдимотлари ўтказилди. Шунингдек медиа-ивент доирасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ислом тадқиқотлар маркази ва ИРСИКА ўртасида “Ўзбекистоннинг буюк алломалари” энциклопедиясини яратиш бўйича келишиб олинди.
18-19 сентябрь кунлари ҳам ўзаро манфаатли учрашувларга бой бўлди. Жумладан, Фуат Сезгин илм-фан ва технологиялар тарихи музейи, Тўпқопи саройи музейи, Турк-ислом санъати музейи тажрибаси яқиндан ўрганилди. Бир қатор тарихий нодир қўлёзмалар, жумладан Қуръони Каримнинг Олтин Ўрда ҳукмдори Ўзбекхон даврида яратилган, темурий шаҳзода Бойсунқур Мирзо томонидан кўчирилган нусхаларининг факсимиле нашрларини яратиш юзасидан музей раҳбарлари билан келишувга эришилди. Туркия қўлёзма асарлар бошқармаси раиси профессор Жўшқин Йилмаз томонидан “Саҳиҳ ул-Бухорий” асарининг XIII асрда кўчирилган энг қадимги тўлиқ қўлёзмасининг факсимиле нусхаси Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий инновацион музейига ҳадя қилинди.
Ана шундай қизиқарли, фойдали учрашувлар, музокаралар Туркия пойтахти Анқара шаҳрида ҳам давом этди. 17 сентябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ва Имом Бухорий илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан Анқара университети Илоҳиёт факультети ҳамда Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Миллат кутубхонасида юртимиздаги мазкур марказларнинг тақдимотлари ташкил этилди. Хусусан, Туркия Миллий кутубхонасида ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бурчагини янада бойитиш бўйича ушбу кутубхона мутасаддилари билан музокаралар олиб борилди.
Бошқарма ҳузуридаги Сулаймония кутубхонасида сақланаётган қўлёзмалар фонди билан танишилди ва китобларни сақлаш шароитлари ўрганилди ва тажрибалар алмашилди. Шундан сўнг делегация аъзолари Ромий кутубхонасининг реставрация лабораториясида бўлиб, у ердаги иш жараёнлари, қадимий қўлёзма манбаларни тиклаш-таъмирлаш тажрибалари билан танишилди. Айни пайтда бу ерда ўзбекистонлик бир гуруҳ реставраторлар ҳам тажриба ўтамоқда.
— Туркияга бу галги ташрифимиз жуда эсда қоларли ва манфаатли бўлди, дейиш мумкин, - деди Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов. – Яқинда Самарқанда ўтказилган “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс асоси” Халқаро конгрессида 40 га яқин туркиялик олимлар иштирок этиб, марказимиз фаолиятини такомиллаштириш юзасидан 30 дан ортиқ таклиф ва лойиҳаларни илгари суришган эди. Биз ушбу мутахассислар билан учрашиб, уларнинг ўз лойиҳалари бўйича ишларни давом эттириш юзасидан музокаралар олиб бордик.
Турк музей ва кутубхоналаридаги Ўзбекистон маданий меросига оид экспонатлар билан яқиндан танишиб, икки халқ маданияти, тарихи ва тақдири бир-бирига чамбарчас боғлиқ эканига янада ишонч ҳосил қолдик. Бу сафаримиздан олинган хулосалар кейинги фаолиятимиз йўналишларини аниқ ва тўғри белгилаб олишимизда катта ўрин тутади.