Ношукур бўлмайлик
Кеча ишдан қайтаётиб, Ҳасти Имом масжиди олдида, катта йўл бўйида ниқоб тарқатаётган ёшгина қизга кўзим тушди. Тўхтаётган машиналарга у кўзини ердан узмай ниқоб узатар ва дуо қиларди. Биласизми, қизнинг юзидан гўё нур таралаётгандек эди. Назаримда ана шу илоҳий нур вазиятдан қатъиназар кўчаларимизни тозалашга, дезинфекция қилишга, нон ёпиш, озиқ-овқат билан таъминлаш, шифохоналарга ишига бориш учун шошаётган юртдошларимизнинг ҳам чеҳраларида бордек. Назаримда ушбу нур уйига ҳам бормасдан 25 соат хизмат қилаётган турли идоралар ва ташкилотлар, раҳбарларимиз ва масъулларнинг чеҳраларидан ўрин олгандек. Барчаларига халқнинг миннатдорчилиги, ҳурмати ва эътирофи бўлсин.
Айни пайтда, таассуф билан айтамизки, тавсия ва таъқиқ этилганига қарамай, катта-кичик ўтиришлар, зиёфатларда, ёки кўчага чиқиб атрофига қўшниларини тўплаб асосан миш-миш билан шуғулланаётган биродарларимиз ёки опа-сингилларимизга ҳам кўзимиз тушиб турибди. Бундайларга: “Барака топгурлар, карантин сен ва менинг, фарзандларимиз, ота-оналаримизнинг соғлиги, ҳаёти учун эълон қилинди. Уйда ўтиринглар, чиқманглар, мулоқотда бўлманглар. Ақлингиз етса-етмаса турли тахмин ва миш-мишларга берилманглар”, дегинг келади. Дейишимиз керак ҳам. Бугундан телевидение ўқув дарсларини бошлади. Жуда сифатли. Фарзандларимиз билан шуғулланайлик. Энг муҳими – ношукур бўлмайлик!
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Ш.Миноваров