Нодир китоблар кўргазмаси
28 сентябрь куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Ўзбекистон Ёшлар агентлиги ҳамкорлигида “100 та нодир китоб” китоблар тақдимоти ҳамда талабаларни касбга йўналтириш бўйича хаттотлик ва муқовасозликдан маҳорат дарслари ва маърифий танловлар тадбири ташкил этилди.
Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳудудидаги очиқ майдонда бўлиб ўтган мазкур анжуманда Ўзбекистон халқаро ислом академияси, Шарқшунослик университети, Тошкент ислом институти талабалари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этишди.
Анжуманда сўзга чиққан Ўзбекистон халқаро ислом академияси ректори М.Комилов, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосарлари Ф.Ҳалимов ва Шайх Абдулазиз Мансур бундай тадбирлар ёш авлодни аждодларимизнинг бебаҳо илмий ва маърифий мероси билан таништиришга ҳамда уларнинг муқовасозлик ва хаттотлик каби ноёб ҳунарларга бўлган қизиқишларини уйғотишга хизмат қилишини таъкидлаб, муҳтарам юртбошимиз ташаббуслари билан ташкил этилган барча илмий марказлар ушбу йўналишда янада фаол бўлишлари зарурлигини билдиришди.
Тақдимотда намойиш этилган барча ноёб асарлар буюк аждодларимиз томонидан яратилган араб, форс тилларида яратилган дурдона асарлардан иборат бўлиб, уларнинг орасида хорижий олимларнинг мазкур асарларга ёзган шарҳлари ва таржималари ҳам мавжуд. Ушбу ноёб китобларнинг қиммати шундаки, улар бошқа фондларда кам учрайди.
Маърифий тадбир доирасида хаттотлик ва муқовасозлик бўйича талабаларга маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати