НУФУЗЛИ ҲАМКОР ТАШРИФИ


Жорий йилнинг 10 июль куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров Ўмон Султонлигининг Ҳужжат ва архивларни сақлаш бўйича миллий бошқармаси раҳбари Ал Давяни Хамед Муҳаммад Дувайҳи бошчилигидаги делегация   билан учрашув ўтказди.

Ўмон Ҳужжат ва архивларни сақлаш бўйича миллий бошқармаси Султонликнинг 18 та вазирлик ва бошқа Давлат идоралари ўртасидаги муносабати, уларнинг барча ҳужжат юритувини мувофиқлаштириш, архивлаштириш, электрон ҳукумат фаолияти учун масъул ташкилотдир. Бошқарма вазирлик мавқеига эга бўлиб, нафақат давлат ҳужжатлари, балки қадимги қўлёзма ва манбалар, амалиётдаги барча ҳужжатлар, ҳатто оғзаки маълумот, воқеа ва ҳодисаларни ҳам ҳужжатлаштиради. Султонликдаги йирик тадбирларни ташкил этиш, оммалаштириш ва кенг ёритиш масаласи ҳам бошқарманинг бевосита вазифаларидан ҳисобланади.

Самимий тарзда бўлиб ўтган учрашув давомида меҳмонларга Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида тинчликсевар ва бағрикенг ислом динининг асл моҳиятини очиб бериш, маърифат ва диний бағрикенглик соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар, Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, унинг бебаҳо меросни ўрганиш ва келажак авлодга етказиш, соф ислом таълимотини тарғиб қилиш каби мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил маълумот берилди.

Ўмон Султонлиги ва шахсан Султон жаноби олийлари томонидан умумисломий, илмий ва диний меросни сақлаш, тадқиқ ва тарғиб қилишдаги улкан хизматлари ҳақида тўхталиб, Ўзбекистонда бу хизматлар юқори баҳоланилиши ва эҳтиром ила қайд этилишини таъкидланди.

Марказ кутубхонасини шакллантириш, қўлёзмалар ва тарихий ҳужжатларни реставрация қилиш, даволаш, рақамлаштириш, таржима, тадқиқ ва тарғиб қилиш ишларида икки томонлама ҳамкорлик алоқлари аҳамиятига алоҳида урғу берилди.

Жумладан, яқин кунларда томонлар ихтиёрларидаги қўлёзмалар катологларини алмашишга келишилди.

            Меҳмонлар Ҳазрати Имом мажмуаси ҳамда “Усмон Мусҳафи” билан таништирилди.