Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирланди
Юртимизда инсон қадри, унинг шаъни ва шавкатини эъзозлаш, меҳнатини муносиб рағбатлантириш, унга ўз истеъдод ва қобилиятини намоён этиш борасида барча имкониятлар яратилган. Зеро, инсон омили улуғланган, меҳнати қадрланган юртда тараққиёт ва ривожланиш, қут-барака бўлади. Ўзининг фидокорона меҳнати билан мамлакатимиз равнақига катта ҳисса қўшиб келаётган юртдошларимиз меҳнати давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда.
Бугун, 6 январь куни тинчлик-осойишталик, фаровонлик каби исломий тамойилларга содиқлиги, урф-одатларни тиклаш ва асраб-авайлаш, ёш авлодни миллий ва умуминсоний ғоялар, Ватанга садоқат руҳида тарбиялаш ишига катта ҳисса қўшгани, кўп йиллик самарали фаолияти, узоқ йиллардан буён муборак ислом динининг инсонпарварлик, бағрикенглик, олийжаноблик ғояларини кенг тарғиб қилишда фаол иштирок этаётгани учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан тақдирландилар.
Олий мукофотни мамлакатимиз Президенти Ш.Мирзиёев шахсан топширдилар.Усмонхон Алимов ҳазратлари 2006 йил 8 августда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий лавозимига тайинланиб, 14 йилдан буён шу лавозимда самарали фаолият олиб бормоқдалар.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари нафақат мамлакатимиз, балки дунё миқёсидаги обрў-эътиборли уламолардан биридир. 2012 йилда Диний идора тарихида илк бор Ислом олами уюшмаси таъсис мажлисининг аъзоси ҳамда Бутун дунё уламолар кенгаши аъзоси этиб сайланганлар.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати