Мисрдаги семинар: Халқаро ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш Ўзбекистонда учинчи ренессанс асоси
Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонаси томонидан Қоҳирадаги «Ҳивор» сиёсий ва ахборот тадқиқотлар марказида «Халқаро ва диний бағрикенгликни мустаҳкамлаш Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс асосидир» мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Тадбирдан мақсад мамлакатимизда миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни Миср жамоатчилигига етказишдан иборат.
Илмий-амалий анжуманда Ўзбекистон Ислом академияси, «Ҳивор» сиёсий ва ахборот тадқиқотлар маркази мутасаддилари, Мисрдаги йирик оммавий ахборот воситалари раҳбарлари ва ходимлари иштирок этди.
Ўзбекистон Ислом академияси профессори, сиёсий фанлар доктори Муҳаммадолим Муҳаммадсодиқов юртимизда таълим, маънавий-маърифий, диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида батафсил тўхталиб ўтди.
Республикамизда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказларининг очилиши, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази, Самарқандда ҳадис мактаби, Бухорода Мир Араб олий мадрасаси буюк аждодлар меросини ўрганиш, авайлаб асраш, ёш авлодга етказишда муҳим ўрин тутаётгани маълум қилинди.
«Ал-Гумҳурия» газетаси бош муҳаррири ўринбосари Муҳаммад Талъат ўз маърузасида Ўзбекистон-Миср ҳамкорлиги борасида тўхталиб, сўнгги йилларда икки томонлама алоқалар турли соҳаларда жадал ривожланаётганини билдирди.
Хусусан, Президент Абдулфаттоҳ ас-Сисининг 2018 йил сентябрь ойида Ўзбекистонга расмий ташрифи ўзаро муносабатлар тарихида янги саҳифа очганини қайд этди. Тошкентда Президент Шавкат Мирзиёев билан музокаралар натижасида эришилган келишувлар сиёсий, хавфсизлик, савдо-иқтисодий, маданий, илм-фан, туризм ва диний соҳалардаги ҳамкорликни жадал ривожлантиришга мустаҳкам замин яратгани алоҳида таъкидланди.
«Ҳивор» ахборот ва сиёсий тадқиқотлар маркази директори Аҳмад Тоҳир Ўзбекистон раҳбариятининг Афғонистонда тинчлик ўрнатишга қаратилган саъй-ҳаракатларини, 40 йилдан зиёд давр мобайнида давом этаётган низони бевосита афғонларнинг ўзлари ташқи аралашувисиз сиёсий воситалар билан ҳал этиш зарурлигига оид қатъий ташаббусини юқори баҳолади.
А.Тоҳир жорий йилда ўтказиладиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий ўзаро боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияда иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш каби масалаларни муҳокама қилиш ва бу борада амалий тавсиялар ишлаб чиқилиши жиҳатидан муҳим тадбир эканини таъкидлади.
У, шунингдек, Ўзбекистонда миллатлараро тотувликни таъминлаш, диний экстремизм ва терроризмга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган чоралар мамлакат ва бутун минтақа барқарорлигини таъминлашда долзарб аҳамият касб этаётганини қайд этди.
«Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида «Шонли тарихдан – буюк келажак сари» шиори остида маънавий-марифий соҳаларда бошланган жуда муҳим янгиланишлар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Чунончи, буюк аждодлар хотирасига, улар қолдирган бебаҳо меросга эътибор, ёш авлодни уларга муносиб бўлишга интилиш руҳида тарбиялаш бўйича олиб борилаётган туб ўзгаришлар натижасида Ўзбекистонда Учинчи Ренессанс учун мустаҳкам пойдевор қурилмоқда», - деди «Ҳивор» маркази раҳбари.
Илмий-амалий семинар якунида Мисрда буюк ўзбек уламолари меросига бағишланган анжуманлар, ёшларга оид давлат сиёсати, ёшларни қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар бўйича Ўзбекистон тажрибаси бағишланган давра суҳбатини ташкил этиш бўйича келишувга эришилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати