Матбуот жамиятни жипслаштирувчи омил бўлиши керак, фитна воситаси эмас
Фитна қотилликдан ёмон. Жаноби Пайғамбаримиз (с.а.в.) фитнани ана шундай таърифлаганлар. Гўзал пойтахтимиз Тошкентда элимиз ва юртимизнинг фахри бўлажак Ислом цивилизацияси маркази барпо этилмоқда. Бутун халқимиз хайрихоҳлик ва энтикиш билан ушбу олийжаноб, эзгу мақсадларда бунёд этилаётган бинонинг қурилиш жараёнини кузатиб турибди. Худо хоҳласа яқин орада юртдошларимиз ва меҳмонларимиз юртбошимиз ташаббуслари билан рўёбга чиққан яна бир беқиёс маконга ташриф буюрадилар.
Афсуски, Минг бир кеча ҳикояларида айтилганидек нафақат ўзгаларни, балки ўзини ҳам кўраолмайдиган ҳасадгўйлар ўз ичимиздан ҳам чиқиб туради.
Бугун nuz.uz сайтида Т.Раҳматуллаев муллифлигида "Зачем культурный Ташкент разоряет Самарканд?" мақоласини ўқиб ҳам таажжуб, ҳам чуқур изтиробга тушдим. Эмишки, Тошкентдаги Ислом цивилизацияси маркази Самарқанд музейининг экспонатлари ҳисобига очилар эмиш? Мақола муаллифига олдин фактларни текширишни, Ислом цивилизацияси марказига мурожаат қилишни, кейин кўнгли тўлмаса, шундай лойиҳани беобрў қиладиган мақолага қўл уришни маслаҳат берган бўлардим.
Умуман, сўз эркинлигини, фикр эркинлигини бошбошдоқлик (анархия) деб қабул қилиш ва шунга мос равишда хатти-ҳаракат қилиш ярамайди. Айрим блоггерларимиз, ҳатто журналистларимиз арзон "шов-шув" (сенсация) ортидан қувиб фитнага сабабчи бўлиб қоляптилар. Матбуот жамиятни жипслаштирувчи омил бўлиши керак, фитна воситаси эмас.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати