"Марказий Осиё ислом маданияти манбалари" мавзусида давра суҳбати ўтказилди


    Шу йилнинг 26 март куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Германиянинг Гамбург университети қошидаги Осиё-Африка тадқиқотлари институти билан ҳамкорлигида “Марказий Осиё ислом маданияти манбалари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди. 

   Тадбирни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори  Шоазим Миноваров кириш сўзи билан очиб бериб, юртимиз заминидан етишиб чиққан буюк мутафаккирларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси, ислом дини ва маданиятини ривожлантиришдаги роли, улар қолдирган бебаҳо илмий асарлар ва кашфиётларининг аҳамияти тўғрисида фикр билдирди.

   Онлайн тарзда ташкил этилган давра суҳбатида Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Гамбург университети Осиё-Африка тадқиқотлари институтидан профессорлар Юрген Паул, Курт Франз ҳамда ЎзРФА Археология институти етакчи илмий ходими Ғайбулло Бобоёров, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази бош илмий ходими, академик Акбар Ҳакимов, етакчи илмий ходими, профессор Илҳом Бекмирзаевлар томонидан ислом илмларининг Марказий Осиёдаги эволюцияси, Мовароуннаҳрда табиий ва аниқ фанлар ривожи, мусулмон олимларининг жаҳон илм-фани тараққиётига кўрсатган таъсири, хорижий фондларда сақланаётган юртимиз алломалари қаламига мансуб қадимий ёзма манбаларга оид илмий тақдимотлари асосида маърузалар тингланди. Тадбир якунида муҳокама ва савол-жавоблар бўлиб ўтди.