Марказ тақдимоти


      27- ноябрь  куни  Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг тақдимот анжумани бўлиб ўтди. Анжуман марказ ҳамда университет ҳамкорлигида ташкил этилди.


Анжуманда марказ директорининг ўринбосари Ф.Ҳалимов, бўлим бошлиғи Ф.Муҳаммадиев, илмий ходим О. Аҳмадалиев ҳамда университет ёшлар билан ишлаш бўлими бошлиғи Н.Мусаева, диншунослик фани ўқитувчилари  ва талаба – ёшлар иштирок этишди. 


Марказ директори ўринбосари Ф.Ҳалимов ўз маърузасида сўнгги йилларда юртимизда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган улкан аҳамиятга эга ижобий ишларни бирма-бир санаб ўтиб, ана шу ишлардан энг эътиборлиси бу Тошкент шаҳрида бунёд этилаётган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази эканлигини таъкидладилар. Шунингдек, ушбу марказнинг тузилмаси ва унинг вазифалари ҳақида талабаларга батафсил маълумот берди.


Бўлим бошлиғи Ф.Муҳаммадиев марказни кенг жамоатчиликка  тарғиб ва ташвиқ қилиш борасида олиб борилаётган фаолият тўғрисида, янги журнал нашри ва унинг мазмун-моҳияти хусусида ахборот бериб, буюк аждодларимиз қолдириб кетган бебаҳо илмий меросни ўрганиш ва улар мазмунини ёшларимизга бекаму-куст етказиш марказнинг асосий вазифаларидан эканлигини анжуман қатнашчиларига атрофлича тушунтириб берди.    
Анжуман сўнггида марказ ҳақидаги видеоролик ва фильм намойиш этилди ҳамда талабалар томонидан берилган саволларга жавоб қайтарилди. 


Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази
матбуот хизмати