МАРКАЗИЙ ОСИЁДА ЯГОНА МАҲОБАТЛИ МАРКАЗ ФРАНЦИЯЛИК МУТАҲАССИС ТОМОНИДАН ЭЪТИРОФ ЭТИЛДИ
Бугун Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқовнинг “Willmotte & Architectes associés” компанияси директори Борине Андриэу билан видеомулоқоти бўлиб ўтди.
Мулоқот аввалида томонлар жорий йил июль ойида Франциянинг Париж шаҳрида бўлиб ўтган музокараларда кўтарилган масалалар хусусида тўхталиб ўтишди. Жумладан, Боринe Андриэу Марказий Осиёда ягона маҳобатли, бетакрор Марказни барпо этиш борасидаги бунёдкорлик ишлари шахсан Давлат раҳбари томонидан қўллаб-қувватланаётгани ва музей экспозициясини шакллантириш билан боғлиқ ишларда кўп сонли маҳаллий илмий доиралар вакиллари ва экспертлари иштирок этаётганидан жуда ҳурсанд эканлигини билдирди. Марказнинг ички дизайни, музейи экспозицияси павелионини яратиш каби масалалар муҳокама этилди ва фикрлар алмашилди. Шунингдек, Марказ Ўзбекистоннинг нафақат минтақага, балки бутун дунёга куч-қудратини намаён этишини эътироф этди.
Ўз навбатида, Фирдавс Абдухолиқов томонидан Марказ музейи экспозициясини янги мазмун билан бойитиш бўйича Давлат раҳбари томонидан берилган топшириқлар, “Буюк аждодлар мероси – Учинчи Ренессанс пойдевори” Ўзбекистон олимлари Форуми доирасида 500 га яқин олимлар ва экспертлар томонидан 600 дан ортиқ таклиф ва тавсиялар асосида Марказ Концепциясига ўзгартириш киритиш лозимлиги яна бир бор таъкидланди.
Учрашувда Боринe хоним Ўзбекистонда бунёд этилаётган марказ ўзининг ғоятда ноёб лойиҳа эканини эътироф этди.
— Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд бўлаётган мазкур марказ нафақат юртингиз, балки Марказий Осиё учун ҳам муҳим масканлардан бири бўлиши шубҳасиздир. Жуда катта кўламдаги ишлар олиб бориляпти. Шунингдек, марказнинг тарихий аҳамияти ҳам бор. Мен ва менинг жамоам бу жараёнларда иштирок этаётганимиздан жуда ҳурсандмиз. Айниқса, ташқи ва ички дизайнидан тортиб, унинг экспозициясини шакллантиришда кўп сонли олимларнинг, шу соҳа мутаҳассисларининг иштирок этаётгани ҳам қувонарлидир.
Мулоқот сўнгида Марказ раҳбари Фирдавс Абдухолиқов Борине Андриэу хонимни жорий йил 23-27 август кунлари Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон маданий меросини ўрганиш, сақлаш ва оммалаштириш бўйича Бутунжаҳон жамияти (WOSCU) билан ҳамкорликда Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўтказилаётган “Аждодларнинг буюк мероси – Учинчи уйғониш даври асоси” VIII Халқаро Конгрессига мартабали меҳмон сифатида таклиф қилди. Шунингдек, Конгресс кун тартибидаги масалалар юзасидан ахборот берди.