МАРКАЗ КУТУБХОНАСИ ҚАНЧА КИТОБ СИҒИМИГА ЭГА БЎЛАДИ?
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасини технологик ускуналар билан жиҳозлаш лойиҳалари тақдимоти бўйича йиғилиш бўлиб ўтди...
Маълумки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилган марказ ҳам маҳобати, ҳам моҳияти жиҳатдан улкан лойиҳа. Унинг контентини янги мазмун билан бойитиш бўйича давлат раҳбари берган топшириқларни ўз вақтида бажариш ва кутубхона фаолиятини такомиллаштириш масаласи муҳокама этилган йиғилишда, масканнинг чин маънода зиё масканига айланиши лозимлиги таъкидланди. 2017 йил 23 июндаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3080-сон Қарорининг 2-бандида Марказ таркибидаги кутубхона ва архив, қўлёзмалар фондларини бугунги Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан буюк аллома ва мутафаккирлар, азиз авлиёлар, улар томонидан асос солинган илмий ва диний мактабларга доир юртимизда ва чет элларда сақланаётган қадимий қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмалар, осори атиқалар, шу йўналишдаги замонавий илмий тадқиқот ишлари, китоб ва тўпламлар, видео ва фото ҳужжатлар ҳисобидан шакллантириш белгиланган.
Шунингдек, Президентнинг 2021 йил 16 июлдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5186-сон Қарорида Марказ таркибидаги кутубхона, архив ҳамда музейда сақланаётган қўлёзма ва тошбосма китоблар, тарихий далил ва ҳужжатлар, археологик топилмаларни рақамлаштириш чораларини кўриш вазифаси топширилган.
Ҳозирда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказида бир вақтнинг ўзида 226 нафар китобхонга хизмат кўрсатиш, 125 минг китоб сиғимига эга замонавий кутубхона ташкил этиляпти.
Йиғилишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази кутубхонасини технологик жиҳозлаш, Марказ кутубхонасининг 1 ва 2-қаватлари жиҳозланиши, интерьери, ишчи ўринлар жойлашуви ҳамда моддий-техник базаси лойиҳаларининг тақдимоти ўтказилди. Шунингдек, Кутубхона ва архив ҳужжатлари бўлими томонидан шу вақтга қадар амалга оширилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботи тингланди.