Маърифий ислом тарғиботи
Бугун 2 март куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази ташаббуси билан “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка етказиш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг маърифий соҳадаги ишлар самарадорлигини ошириш борасидаги қарор ва фармонлари ижросини таъминлаш мақсадида Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети кичик мажлислар залида “Ўзбекистон-ислом цивилизацияси маркази” мавзусида илмий амалий анжуман бўлиб ўтди.
Миллий университет профессор-ўқитувчилари ва талабалари, Ислом цивилизацияси маркази ходимлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтган ушбу анжуман қизғин руҳда бўлиб ўтди.
Анжуманни Ўзбекистон Миллий университети ректори А.Р. Марахимов Ўзбекистоннинг дунё тамаддунида тутган ўрни, бу юртдан етишиб чиққан алломаларнинг бой ва буюк илмий мероси ҳамда ушбу меросни ўрганиш, жаҳонга тадбиқ этиш долзарб вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб, ушбу вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази асосий ўрин эгаллаши ҳақидаги фикрлари билан очиб берди.
Анжуман давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Ш.Миноваров сўзга чиқиб, ўз нутқида юртбошимиз бошчилигида мамлакатимизда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, ислом динининг халқимиз маънавияти ва маърифатида тутган ўрни, аждодларимиз қолдирган бебаҳо маънавий бойликлар ҳамда уларни асраб-авайлаш, кейинги авлодга етказиш масалалари, қолаверса, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг асосий мақсад ва вазифалари, шунингдек, ушбу Марказ нафақат Ўзбекистонда, балки бутун жаҳонда ўз ўрни ва мавқеъига эга бўлиши йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида тўхталиб ўтди. Марказ директори, шунингдек, анжуман иштирокчиларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб берди.
Тадбир якунида анжуман иштирокчиларига Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг мақсад, вазифалари ҳамда истиқболини ўзида акс эттирган видеоролик намойиш этилди.