“МИСР КУТУБХОНАЛАРИДА ИСЛОМ ИЛМЛАРИГА ОИД ҚЎЛЁЗМАЛАР ТАРИХИ” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.


      Жорий йилнинг 15-февраль куни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси  марказида аждодларнинг илмий меросини ўрганиш, халқимизнинг бир неча асрлик  бой тарихий, илмий, маънавий меросини жамлаш, ҳар томонлама тадқиқ этиш, ислом илмларининг асл инсонпарварлик моҳиятини илмий асосларда очиб бериш мақсадида “Миср кутубхоналарида ислом илмларига оид қўлёзмалар тарихи” мавзусида  учрашув бўлиб ўтди. Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари билан ҳамкорликда ташкил этилган давра суҳбатида ёш тадқиқотчилар, магистрлар, профессор-ўқитувчилар иштирок этди. Тадбирни Ўзбекистондаги  Ислом цивилизацияси маркази директори ўрин­босари Фирдавс Халимов кириш сўзи билан  очди. Учрашув давомида Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази тадқиқотчиси, доктор Аҳмад Даманхурий Миср Миллий кутубхонаси ва Искандария кутубхоналари тарихига оид маъруза қилди.

   Миср кутубхоналари фондларидаги  “Нодир” алоҳида қимматга эга нашрлар фондидаги ноёб коллекцияларида сақланаётган китоблар, қўлёзмалар ва асарларнинг факсимиль нусҳалари, каталогларига оид маълумотлар, кутубхоналар фондларидаги ресурсларидан фойдаланиш, электрон ресурсларнинг аҳамияти таҳлил этилди ва муҳокама қилинди. Қадимий ёзма манбаларнинг Миср кутубхоналаридаги каталоглари ва электрон нусхаларини музейлар, кутубхоналар, архив фондларида сақланаётган нусхаларини тадқиқ ва таржима қилишга оид муҳокама, савол – жавоблар бўлиб ўтди.