МИСР ДЕЛЕГАЦИЯСИ ТАШРИФ БУЮРДИ


Жорий йилнинг 14 март куни Миср Араб Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг Дипломатик тадқиқотлар институти директори Валид Ҳажжож ҳамда Миср Араб Республикасининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Амира Фаҳмий билан Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида учрашув бўлиб ўтди.

Мартабали меҳмонларни Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Ф. Ҳалимов ва Марказ бош илмий ходими З. Мунавваровлар кутиб олдилар.

Марказ директори ўринбосари томонидан аждодларнинг илмий меросини ўрганиш, халқимизнинг бир неча асрлик  тарихий, илмий, маънавий меросини жамлаш, ҳар томонлама тадқиқ этиш, ислом илмларининг асл инсонпарварлик моҳиятини илмий асосларда очиб бериш Марказ олдига қўйилган асосий вазифа эканлиги таъкидланди. Шунингдек, меҳмонлар эътиборига Марказ қурилиш жараёни ва фаолиятига оид видеоролик тақдим қилинди.

Валид Ҳажжож жаноблари ўз навбатида учрашув учун алоҳида ташаккурини изҳор қилган ҳолда, муборак Рамазон ойида Ўзбекистонга ташриф буюрганлигидан мамнунлигини билдирди. Мовароуннаҳрда етишиб чиққан мутафаккирлар ислом ва дунё цивилизациясида ўчмас из қолдиргани, Мисрда етишиб чиққан бир қанча олимларга устозлик қилганини таъкидлади. Президент Ш. М.Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Марказ кўп йиллар давомида бутун мусулмон оламига хизмат қилиши, илмий маданий соҳаларда катта ютуқларга эришишига ишонч билдирди.

Сўнгги йилларда ислом динига нисбатан турли зарарлар етказилаётгани бу ўринда икки мамлакат уламолари Исломнинг тинчлик, бағрикенглик ва инсонийлик тамойилларини кенг тарғиб қилиши муҳимлигини таъкидлади. Мартабали меҳмон Дипломатик тадқиқотлар институти тингловчиларига Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотлар, хусусан, Марказ ва унинг олдига қўйган мақсадлари ҳақида маъруза қилишга ваъда берди, Шунингдек,  Мисрдаги турдош ташкилотлар ва Марказ ўртасидаги алоқаларни жадаллаштиришда ўз ҳиссасини қўшишга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашув давомида элчи Амира Фаҳмий хоним Ўзбекистонда улкан ислоҳотлар амалга оширилаётгани, Миср Араб Республикаси билан алоқалар янги поғонага кўтарилиб, икки томонлама ҳамкорлик жадал ўсаётганини алоҳида таъкидлади. Шу муносабат билан, элчи хоним Марказнинг Мисрдаги турдош ташкилотлар билан яқин алоқаларини кенгайтириш ҳамда қўллаб-қувватлашга тайёрлигини маълум қилди.

Учрашув сўнггида совғалар алмашиниб яқиндан ҳамкорликда ишлашга келишиб олинди.