“МЕГА БАСИМ” НАШРИЁТ УЙИДА КИТОБ-АЛЬБОМЛАРНИ ЧОП ЭТИШ БЎЙИЧА КЕЛИШУВГА ЭРИШИЛДИ
Туркияда бўлиб турган Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази делегацияси “Мега Басим” нашриёт уйига ташриф буюрди.
Учрашув давомида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухаликов ҳамда нашриёт уйи директори Ҳасан Конду ўртасида музокаралар олиб борилди. Келишувларга кўра, мазкур нашриётда “Ўзбекистон қўлёзма меросида тарихий шахслар”, “Клавихонинг Амир Темур салтанатига саёҳати” китоб-альбомларини чоп этиш бўйича бирламчи келишувга эришилди.
Шунингдек, Текирдағ университети профессори, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий маслаҳатчиси Ҳалит Эрен билан ҳам учрашув ўтказилди. Туркиядаги сақланаётган Ўзбекистон маданий меросининг каталоги яратилиши келишиб олинди. Шу билан бирга, “114 Қуръон” лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Унга кўра Туркия тўпламларида сақланаётган Куръони карим нусхаларини рўйхати тайёрланадиган бўлди.
Делегация аъзолари “Истиқлол” Истанбул иллюзиялар музейида ҳам бўлишди. Делегацияга Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази илмий маслаҳатчиси Ҳалит Эрен ҳам ҳамрохлик қилди. “Мазкур музей нимаси билан ҳайратга солади?” деган табиий савол туғилади. Агар биргина расм мингта сўзни ўз ичига олса, ишончингиз комил бўлаверсин иллюзия миллиондан кўпроқ нарсани яширади. Ҳис-туйғуларингизга бўлган ишончингизни чалғитадиган ва айни ўша вақтда ҳайратда қолдирадиган ҳаяжонли иллюзиялар оламига шўнғишга ундайди. “Истиқлол” Истанбул иллюзиялар музейида ҳеч нарса кўринадигандек эмас. Ўзига хос иллюзиялар орқали қизиқарли визуал тажрибага гувоҳ бўласиз. Истанбулдаги мазкур музей ёш аудиториядагиларда ўзгача ҳис уйғотиб, қувноқ саёҳатни тақдим этади.
“Истиқлол” Истанбул иллюзиялар музейида 19 та: “фотоиллюзия” (Fotoğraf İllüzyonları), “оптик иллюзиялар” (Optik İllüzyonlar), “голограммалар” (Hologramlar), “Beuchet иллюзияли ўриндиқ” (Beuchet Sandalyesi İllüzyonu), “чексиз туннел” (Sonsuzluk Tüneli), “ростгўй кўзгу” (Gerçek Ayna), “стереограмма” (Stereogram), “калейдоскоп”, “клонлаштирувчи стол” (Klon Masa), “таомдаги бош” (Tabaktaki Kafa), “бўш юз иллюзияси” (Takip Eden Yüz İllüzyonu), “сеҳрли таёқча” (Büyülü Çubuk), “чексиз хона” (Sonsuzluk Odası), “Vortex туннели” (Vortex Tüneli), “айланадиган хона” (Tepetaklak Oda) каби экспонатлар бор.
Хусусан, “Фотоиллюзия” бу – киши онгини чалғитиш ва мавжуд бўлмаган нарсалар ҳақида ёлғон тасаввурни яратишнинг ижодий усули. "Камера ҳеч қачон алдамайди!" деган гапни ҳаммамиз биламиз? Бироқ, бу гапда юз фоиз жон бор, деб бўлмайди. Боиси, Иллюзиялар музейида ҳамма нарса кўринганидек эмас, ҳатто тасвирлар ҳам. Ишонч комил бўлиш мумкин бўлган ягона нарса бу – фотосуратларингиз ғайриоддий ва кутилмаган фон билан тўлдирилган бўлади.
Оптик иллюзиялар эса кўзлар ва ақлни чалғитувчи чалкаш тасвирлар. Оптик иллюзиялар сезгиларимиз доим ҳам тўғри чиқавермаслигини эслатиб туради.
Голограммалар орқали кўзларни алдаб, онгни завқлантириш мумкин. Сабаби, голограммалар 3D иллюзияларни ўзида акс эттирган ҳар хил шаклларда номоён бўлувчи сеҳрли тасвир. Иллюзиялар музейида турли хилдаги голлограммаларни, масалан, сабабсиз йўқ бўлиб қоладиган, тусини ўзгартирадиган ёки тасвирдан сакраб чиқадиган тасвирларни учратиш мумкин. Музейда голограммалар тўпламидан баҳраманд бўлар экансиз, ҳар бир оптик иллюзияни диққат билан кўриб чиқиш керак. Улар шундай ёрқин, ўйноқи эслатмаки, идрок қилинадиган дунё ҳақидаги тахминларимиз кўпинча иллюзиялар шарпасидан бошқа нарса бўлмай қолади. Қизиқарли ва ажойиб “фокус”лар кўриш, идрок этиш, ақлни чархлашни ўргатади.
Иллюзияли ўриндиқ. Бунда одамнинг қандай катталикда кўриниши атрофдаги объектларга боғлиқ бўлади. Ўриндиққа ўтирган ҳолда ўлчам нисбатларидан завқланиш мумкин.Ҳаётда қиёсланадиган чексизликка эга тимсоллар шунчалик кўпки, ҳатто кўпини ҳеч қачон кўрмаганмиз. Мазкур музейдаги “Vortex туннели” экспонати орқали эса чексизликни ўз кўзингиз билан кўриш имконияти бор. “Vortex туннели” иллюзиясига сакраш учун жасоратли бўлиш керак. Боиси, айланувчи цилиндр орқали барқарор ва текис юзада олдинга бир қадам ташлаш учун курашаётганингизга ишонтиради.
Тескари хонада эса тортишиш қонунлари ва ўлчамларни унутган ҳолда исталган ракурсдан суратга олиш мумкин.
Делегация Туркия тажрибасини ўрганишда давом этяпти.