Куннинг хабари:
Бугун Ўзбекистоннинг Куала Лумпурдаги элчихонаси иштирокида Малайзия Исломни англаш институти профессор тадқиқотчилари ва Ислом цивилизацияси маркази олимлари ўртасида видео мулоқот ташкил қилинди. Томонлар жорий йилнинг май ойида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисида Меморандум ижросини таъминлаш механизмлари ва истиқболдаги режаларни муҳокама қилдилар. Пандемия сабабли вақтинча вужудга келган шароитда жорий йилда ўзаро каталоглар ва китоблар алмашиш, онлайн конференциялар ўтказиш, ҳамкорликда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш тўғрисида келишувга эришдилар. Яқин кунлар ичида китоблар ва каталогларнинг ўзаро алмашинуви амалга оширилади. Июль ойининг иккинчи ўн кунлигида "Термизий алломаларнинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссалари" халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтади.
Эришилган келишувга кўра, шунингдек, Малайзия Исломни англаш институтининг ТАФҲИМ илмий журналида ва Ислом цивилизацияси марказининг Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази илмий-оммабоп журналларида ҳар икки томон тадқиқотчи олимларининг илмий мақолалари бериб борилади.
Шу куннинг ўзида Ислом цивилизацияси марказида Ўзбекистон телевидениеси "Тарих" канали ижодкорлари билан учрашув бўлиб ўтди. Тележурналистларга миллий лойиҳа-Ислом цивилизацияси марказини барпо этилиши лойиҳасининг амалга ошиши жараёни тўғрисида атрофлича маълумот тақдим қилинди.