Куннинг мурожаати:
Дарднинг давоси қаерда?
Халқаро экспертлар, сиёсатчилар, иқтисодчилар, турли агентликлар COVID-19 қачонгача давом этиши ҳали аниқ эмаслиги масаласида якдиллар ва у билан боғлиқ шароит жаҳон мамлакатлари иқтисодига келтираётган зарарига таъриф беришда якдиллик кўрсатмоқдалар. Деярли барча мамлакатларда короновирус сабабли шаклланган муҳит биринчи навбатда тирикчилигини кунбай ўтказиб келган меҳнат аҳлига қаттиқ зарба бергани ҳам алоҳида қайд этилмоқда.
Давлат бераётган ёрдамни ҳам, тадбиркорларнинг саховатини ҳам давом эттириш учун ишлаб чиқариш давом этиши керак, яъни тушум бўлиши керак. Давлат (ҳукумат) томонидан сарфланаётган харажатларни хомчўт қилиб кўришнинг ўзиёқ, уларнинг кўлами нақадар кенг эканини кўрсатиб турибди.
Ҳали интернетда, ҳали бошқа оммавий ахборот воситаларида ёшлигимизда ўқиб юрган мактабни эслаб, ҳозирги кун муммоларини ваҳима даражасида бўрттириш, “коррупция” атамасини давлат хизматчилари ёки ўқитувчилар билан ёнма-ён қўллаш, айланиб келиб “Сардоба” ёки “Андижон” муаммоларини хориждаги “ҳамдардларимиз” билан чайнайвериш, уйқу билмай ишлаётган ҳокимларга тош отиш, бировнинг машинасига ўт қўйиш, бировнинг шаънини таҳқирлаш билан ва фақат танқид билан иш битмайди.
“Бўладиган ишни гапириш керак”, дердилар падари бузрукворимиз раҳматли. Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижа бера бошлаши учун фурсат керак, унгача эса, бир-биримизга ёрдам қўлини чўзишимиз керак.
Муборак ҳаж сафари ёки табаррук Умра зиёратига ҳозирлик кўрган ака-укалар, опа-сингиллар, отахон ва онахонлар! Атрофга бир назар ташлайлик: қўшниларимиз, қариндошларимиз орасида мушкул аҳволга тушиб қолганлар тўғрисида фикр юритайлик, уларга ҳамдард бўлайлик.
Агар сафарга тайёргарлик кўрган одам 25 миллион сўм жамғарган бўлса, Умрага ҳозирлик кўрган одам 10 миллион жамғарган бўлсаю, тўплаган маблағларини эҳтиёжманд инсонларга берсалар, бўлажак ҳожи биродаримизни бир оила 25 ой, Умрага боришга тараддуд кўрган синглимизни 10 ой бир оила дуо қилсалар, дилларидаги барча истаклар бажарилиб қолмасмикан? Ахир тарихда, ҳатто яқин ўтмишимизда ҳам шундай воқеалар бўлдику! Камбағалларга ёрдам қўлини чўзганлар “Ҳажингиз қабул бўлди” деган белги ёки ифодани топдиларку! 7 минг бўлажак ҳожи ва 7 минг бўлажак Умра зиёратчиси истаги билан 21 минг (!) оила 10 ой қозон қайната олади. Камида 100 минг нафар қора кўзлар 300 кун сизларнинг ҳақларингизга дуо қиладилар. Ҳазрат Низомиддин Алишер Навоий бекорга ушбу мисраларни битмагандирлар:
Кимки бир кўнгли бузуқнинг хотирин шод айлади,
Онча борким Каъба вайрон бўлса, обод айлади.
Майли, истасангиз пулларингизни жамғармалар ва шунга ўхшаш жойларга берманг, майли ўзингиз қарор қабул қилинг, маҳаллангизда, қишлоғингизда, қариндошлар орасида бундайлар топилади. Ўзингиз олиб боринг, ошкора беринг ва дуо талабида бўлинг! Лекин бу йилги Ҳаж ёки Умра савобини (Аллоҳ яхшироқ билади) ўрнини боса оладиган амалларни қилмасдан қолманг. Бугуннинг амалини бугун қилиш керак, эртанинг амали яна бошқача бўлиб бораверади.
Аллоҳ ҳаммамизга инсоф ва тавфиқ берсин, яхши амалларни бажарувчилардан қилсин, Аллоҳ барча саховат пешаларни қўлласин, кетганини ўрнини тўлдирсин!
Ислом цивилизацияси маркази жамоаси.