Корея Республикасининг Кёнсан-Пукто провинцияси губернатори ўринбосари билан учрашув бўлиб ўтди


Жорий йил 18 октябрь куни “InnoWeek-2023” халқаро инновацион ғоялар ҳафталигида иштирок этиш учун ташриф буюрган Кёнсан-Пукто провинцияси губернатори ўринбосари Ли Даль Хи бошчилигидаги делегация Марказ қурилиш майдонида директор ўринбосари Фирдавс Ҳалимов томонидан қабул қилинди.

Хорижлик меҳмонга Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда диний-маърифий соҳада, хусусан, Ислом дини меросини қайта тиклаш, маърифий ислом ғоясини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш соҳаларида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Марказнинг мақсад ва вазифалари ҳақида батафсил сўзлаб берилиб, унда ташкил этилиши режалаштирилган бўлимларга алоҳида тўхтаб ўтилди.

Жумладан, Марказ таркибидан ўрин олувчи музей ва унинг бўлимлари ҳақида, шунингдек, келгусида музей соҳасида амалга оширилиши кўзда тутилган лойиҳалар ҳамда халқаро ҳамкорлик юзасидан маълумот берилди. Шунингдек, Марказдан кўзланган асосий мақсад юртимиздан етишиб чиққан буюк мутафаккирларимизнинг илмий меросини чуқур ўрганиш, жаҳон ҳамжамияти ва халқимиз эътиборига тақдим қилишдан иборат эканлиги таъкидланди.

Ли Даль Хи хоним Марказга келажакда яна қайта ташриф буюришга умид қилиб, бино қурилишига муваффақият тилаган ҳолда, Ислом цивилизацияси марказининг минтақада етук илмий муассасага айланишига ишонч билдирди.

Учрашув сўнгида Марказ раҳбарияти томонидан эсдалик совғалар топширилди.

Учрашув самимий ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.